Ўзбекистонда “Green University” негизида халқаро экологик ҳуқуқ йўналиши бўйича магистратура дастури жорий этилмоқда

Ўзбекистонда “Green University” негизида халқаро экологик ҳуқуқ йўналиши бўйича магистратура дастури жорий этилмоқда

23-май куни Тошкент шаҳрида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университети (“Греен Университй”) ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамкорлигида “Иқлим ўзгаришини бошқаришга кириш” мавзусида очиқ маъруза бўлиб ўтди.
Маърузани профессор, Жорж Вашингтон университети (АҚШ) Экологик ҳуқуқ факултети декан ўринбосари Рандалл Абате ўқиди.

Тадбирда Ўзбекистондаги олий ўқув юртларининг ҳуқуқ ва халқаро муносабатлар факултетлари профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди. Маърузанинг вазифаси иштирокчиларга иқлим ўзгаришини самарали бошқариш тамойиллари ва амалиётлари ҳақида фундаментал билим беришдан иборат. Унда иқлим ўзгаришининг сабаблари ва оқибатлари, таъсирни юмшатиш ва мослашиш стратегиялари, сиёсат асослари ва халқаро келишувлар каби мавзулар ёритилган.

“Иқлим ўзгариши “ўта ёвуз” бошқарув муаммоси бўлиб, анъанавий йўллар орқали тартибга солиш билан осонликча ҳал этилмайдиган чуқур илдизларга эга. Стратосферадаги озон қатламининг емирилиши ва биологик хилма-хилликнинг йўқолиши каби кўплаб бошқа халқаро экологик муаммолар каби трансчегаравий атроф-муҳитни бошқариш муаммоси бўлиш билан бирга, у қўшимча мураккабликларга ҳам эга: ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, илмий ва инсон ҳуқуқлари муаммолари. Ушбу маъруза орқали иқлим ўзгариши инқирозининг мураккаб асосларини ва глобал иқлим ўзгаришига қарши курашиш учун давлат ва хусусий бошқарув стратегияларининг кенг доираси кўриб чиқилади”, – дея таъкидлади Жорж Вашингтон университети Ҳуқуқ факултети профессори Рендалл С. Абате.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда иқлим ўзгаришига қарши кураш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини минималлаштириш бўйича тизимли ёндашув ва самарали чоралар кўришни тақозо этади. Шу нуқтаи назардан, нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда муҳим экологик, ижтимоий-иқтисодий, илмий-техникавий муаммоларни самарали ҳал этишга қодир бўлган янги авлод етакчилари, менежерлари ва мутахассисларини тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев номидан Ўзбекистонда очилган “Греен Университй” иқлим ўзгариши ва экологик муаммоларни ҳал этишда таълим муҳим эканлигини таъкидлайди.

Экология вазирлиги ва “Греен Университй” томонидан экологик таълим сифатини ошириш мақсадида жаҳон миқёсида профессор-ўқитувчиларни жалб этиш, дунёнинг етакчи университетлари билан тажриба алмашиш йўлга қўйилган.
Янги йўналишларни ташкил этиш, жумладан, Атроф-муҳит ҳуқуқи бўйича магистратура дастури ва Халқаро экология ҳуқуқи ва иқлим ўзгаришини бошқариш каби асосий мавзулар бўйича интенсив тренинглар экология ҳуқуқи фанларига қизиқишни рағбатлантиришга қаратилган.

Маъруза якунида иштирокчилар иқлим ўзгаришининг асосий сабаблари, унинг трансчегаравий табиати ва кўп даражали оқибатлари билан танишдилар. Шунингдек, ҳозирги иқлим инқирозининг асосларини ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича давлат ва хусусий бошқарув стратегияларининг кенг доирасини ўрганиб чиқдилар.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!