Ўзбекистонда автокредитлар бўйича қарздорлар сони 2,7 баробар кўпайди

Ўзбекистонда автокредитлар бўйича қарздорлар сони 2,7 баробар кўпайди

Ўзбекистонда 2019 йилнинг 1 июль ҳолатига автокредитлар бўйича 85 минг киши қарздор бўлган. Бу ҳақда Марказий банк маълумотларига таяниб, Spot хабар берди.

Маълум қилинишича, мазкур кўрсаткич 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 2,9 мартага, 2017 йилга нисбатан эса 12 баробарга кўп. Ёпилмаган автокредитларнинг умумий сони 4518 тани ташкил қилган бўлиб, бу 2018 йилдагига нисбатан 2,7 марта, 2017 йилга нисбатан эса 19 марта кўпроқни ташкил қилади.

Автокредитлар бўйича қарз юки, яъни кредит бўйича ойлик тўловларнинг қарз олувчининг ойлик даромадига нисбати 67,3 фоиз ҳолатда тавсия этиладиган даражадан юқори бўлган. Бу барча кредит турлари ичида энг юқори даража ҳисобланади.

Қарз олувчиларнинг катта қисми, яъни 30,5 фоизи Тошкент шаҳрига тўғри келади. Ундан кейинги ўринлардан Навоий вилояти 7 фоиз билан ва Тошкент вилояти 6,8 фоиз билан жойлашган. Автокредитларнинг ўртача фоиз ставкаси 24 фоизни, қарзни сўндиришнинг ўртача муддати эса 3,4 йилни ташкил қилади.

Марказий банк томонидан қайд этилишича, халқаро тажриба бундай муаммоли ҳолатнинг хавфли эканлигини кўрсатади. У аҳолининг ижтимоий-молиявий ҳолати ёмонлашишига олиб келиши мумкин.

Шу муносабат билан, аҳолининг қарз юки ҳаддан ортиқ ошиб кетишининг олдини олишга қаратилган ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ҳужжатга кўра, жисмоний шахснинг қарз юки кўрсаткичи 50 фоиздан ошиши мумкин эмас.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!