Ўзбекистонда 1 декабрдан бошлаб нималар ўзгарганини биласизми?

Ўзбекистонда 1 декабрдан бошлаб нималар ўзгарганини биласизми?

2019 йил январь ойининг биринчи ярмида “Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика” ягона ахборот тизими пилот режимида ишга туширилади.

Қурилиш, божхона назорати, ташқи реклама, меҳнат миграцияси ва бошқа соҳаларда 2018 йилнинг 1 декабридан бошлаб амал қилувчи асосий ҳуқуқий янгиликлар нималардан иборат? “Norma” нашри буларга аниқлик киритди.

Божхона назорати учун – янги йўлаклар

Ўзбекистонда хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизими жорий этилмоқда. 1 декабрдан бошлаб унинг доирасида “сариқ” ва “қизил” йўлаклар амал қила бошлайди. Биринчиси орқали хавф даражаси ўрта кўрсаткичга эга товар ва транспорт воситаларига нисбатан божхона декларацияси, ҳужжатлар ва маълумотлар текширилади. Иккинчиси эса хавф даражаси юқори кўрсаткичга эга объектлар учун мўлжалланган.

Ҳозирча йўлаклар мос равишда 70% / 30% нисбатда товар ва транспорт воситаларининг хавф профиллари ёки тасодифий танлаш асосида қўлланилади. Бироқ бунгача амал қилган иккита йўлакли тизимдан фарқли равишда, янгисида тўртта йўлак мавжуд бўлиши назарда тутилган: 2019 йил март ойида “яшил” ва “кўк” йўлаклар ҳам амалга киритилади.

Қурилишдаги янги тартиб

Биринчидан, энди тўғридан-тўғри инвестициялар, ш.ж. хорижий инвестициялар ҳисобига молиялаштириладиган объектлардан ташқари, барча объектлар қурилиш лойиҳаларининг смета қисми мажбурий экспертизадан ўтказилади.

Иккинчидан, қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш тартиби модернизацияланмоқда. Энди у қурилиш соҳасидаги назорат инспекцияси, кадастр органлари, буюртмачи ва пудратчи (бош пудратчи) вакиллари иштирокида амалга оширилади. Бу жараённи тезлаштириш имконини беради, сабаби илгари у 2 босқичда янада кенг таркибдаги қабул комиссиялари томонидан ўтказилган. Янги тартиб давлат харидлари субъектлари маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган объектларга нисбатан тадбиқ этилмайди.

Учинчидан, лойиҳалар “fast-track” усули билан фойдаланишга тайёр ҳолда (Engineering Procurement Construction) амалга оширилиши мумкин. Бу бир вақтнинг ўзида лойиҳалаштириш, харид қилиш ва қурилиш ишлари бажарилишини англатади. Бу ҳолда пудрат ва лойиҳа ташкилотлари консорциум ташкил этадилар. Консорциум иштирокчилари зиммасига лойиҳани сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш учун солидар жавобгарлик юклатилади.

Чет эллик мутахассисларга – “яшил чироқ”

Юқори малакали ва малакали чет эллик мутахассисларни (мезонларга қаранг) жалб қиладиган маҳаллий иш берувчиларнинг улар учун рухсатнома (хорижий ишчи кучини жалб қилишга, таҳр.) расмийлаштиришлари керак бўлмайди.

Бундан ташқари, ушбу мутахассислар Ўзбекистонда меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномаларни расмийлаштириш ва узайтириш учун йиғимни пасайтирилган тарифларда – тегишинча, 1 ЭКИҲ ва 2 ЭКИҲ миқдорида тўлайдилар (умумбелгиланган 10 ЭКИҲ ўрнига).

8 500 ЭКИҲдан кам бўлмаган (материал эълон қилинган санада – 1 723,2 млн сўмдан ортиқ) миқдорда жамиятларнинг акциялари ва улушларини сотиб олиш, шунингдек, хорижий корхона ташкил этиш шаклида республикага инвестиция киритган чет эл фуқаролари ҳеч қандай рухсат берувчи тартиб-таомилларни ўтмаган ҳолда мазкур ташкилотнинг исталган лавозимида ишлашлари мумкин.

Тиббиёт ходимларининг иш ҳақи “ўсди”

Давлат раҳбарининг жорий йил ноябрдаги қарорига мувофиқ, 1 декабрдан давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг иш ҳақи 20%га оширилди. Бироқ бу биринчи босқич холос, кейинги индексация келаси йил 1 апрелда амалга оширилади ва 15%ни ташкил этади.

Тиббиёт ходимлари ва фармацевтлар меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини умуман қайта кўриб чиқмоқчилар.

ИИВ Ахборот маркази энди йўқ…

2019 йил январь ойининг биринчи ярмида “Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика” ягона ахборот тизими пилот режимида ишга туширилади. Унда жиноят ишлари, терговга қадар текширув материаллари, суд муҳокамаси ҳамда суд қарорлари ижросининг натижалари, шунингдек айбланувчи ва жабрланувчи сифатида жалб этилган шахслар бўйича маълумотлар жамланади.

1 декабрдан бошлаб жиноятлар, уларни содир этган шахслар ва жиноят ишлари ҳаракатланишининг ягона ҳисобини юритиш вазифаси прокуратура органларига топширилди. Шу муносабат билан ИИВ тузилмасидаги Ахборот маркази тугатилди. Мазкур орган, масалан, судланганлик ҳақидаги маълумотномаларни берар эди. Энди бу ҳам прокуратуранинг функциясига кирадиган кўринади. Эслатиб ўтамиз, маълумотномани олиш учун аризани электрон кўринишда тақдим этиш мумкин.

Ташқи реклама қандай жойлаштирилади

Энди ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) жойлаштириш ҳуқуқини фақат электрон аукционлар натижаларига кўра олиш мумкин. Бунда қуйидагиларни тўлаш керак бўлади:

  • объектни ёки конструкцияни жойлаштириш ҳуқуқини олиш учун – ҳақ савдолар якунларига кўра аниқланади;
  • ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқи учун – йиғим, унинг миқдорини ҳокимликлар белгилайди.

Монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини Давлат хизматлари марказида олиш мумкин

Хўжалик юритувчи субъектлар қўшиб юборилганда, қўшиб олинганда ва устав фондидаги акцияларни (улушларни) олиш бўйича битимлар амалга оширилганда бир қатор ҳолларда монополияга қарши органнинг олдиндан розилик бериши талаб этилади (“Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 16–18-моддаларига қаранг).

Уни олиш учун тегишли ҳужжатлар пакетини тақдим этиш зарур. Илгари у бевосита монополияга қарши органга тақдим этилган. 1 декабрдан бошлаб буни Давлат хизматлари марказлари орқали амалга ошириш мумкин (9.01.2018 йилдаги ЎРҚ–459-сон Қонуннинг 23-моддаси 7-банди 4-хатбошиси, 27-моддаси 3-хатбошиси; 23.07.2018 йилдаги ЎРҚ–486-сон Қонуннинг 29-моддасига қаранг).


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!