Ўзбекистон такси хизмати энг арзон давлатлар қаторига кирди
Numbeo таҳлилий портали дунёнинг 97 та давлатидаги такси хизмати нархларини таҳлил қилиб, мамлакатлар рейтингини тузиб чиқди.
Ўзбекистон рейтингда такси хизмати энг арзон мамлакатлар қаторига кирди. Республикада стандарт тариф бўйича 1 километр йўлнинг ўртача нархи 0,3 доллар ёки тахминан 3900 сўмни ташкил қилади.
Такси хизматининг энг арзон нархи Филиппинда қайд этилган – $0,26. Шунингдек, Украина ($0,29) ва Ўзбекистон билан бир қаторда Ҳиндистон ($0,3), Миср ($0,3) ва Эронда ($0,3) ҳам нархлар арзонлиги аниқланган.
Қозоғистонда стандарт тариф бўйича 1 километр йўлнинг ўртача нархи 0,63 долларга тенг. Бу Россия ($0,31), Беларус ($0,3) ва Арманистондан ($0,33) деярли икки баравар қиммат. Рейтингда Қирғизистон бўйича маълумотлар йўқ.
Такси нархи энг қиммат бўлган бешта давлат: Баҳрайн ($5,01), Швейцария ($4,45), Люксембург ($3,64), Албания ($3,27) ва Кувайт ($3,25).