Автомобиль бозорида сотувлар яна пасайди
Ўзбекистонда 2024 йил октябрида автомобиль бозорида сотувлар яна пасайди. Бу ҳақида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилида келтирилган.
Қайд этилишича, октябрь ойида автотранспорт воситаларининг савдоси 102,3 минг донани ташкил этди, бу ўтган ойга нисбатан 7 фоизга кам. Йиллик кўрсаткичда эса пасайиш — 44 фоиздан кўпроқ.
Енгил автомобиллар сегменти ўтган ойга нисбатан 6 фоиз камайган ҳолда 95,4 минг дона сотилган бўлса, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сотувлар 43,3 фоизга сезиларли пасайганини кўрсатмоқда.
Енгил автомобиллар бирламчи бозорида сотувлар ўтган ойга нисбатан 15 фоизга камайди, бу ўтган ойга нисбатан 6,2 мингта автомобилга кам. Йиллик фаоллик эса 21,8 фоизга камайди.
Ой давомида маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдоси 20 фоизга камайди ва 30,2 мингта автомобилни ташкил этди. Йиллик кўрсаткичда 22 фоиз пасайиш кузатилди.
Октябрь ойида хорижий енгил автомобиллар бозорида сотувлар кўпайган. Ой давомида ушбу сегментдаги фаоллик 35 фоизга ошди, атиги бир ой ичида 4,7 мингта хорижий автомобиль сотилди. Бироқ ўтган йилнинг октябрь ойига нисбатан сотувлар 20 фоизга камайган.