Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси Малайзия клубига ўтди

Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси Малайзия клубига ўтди

Ўзбекистон миллий жамоаси ва "Насаф" клуби ҳимоячиси Умарбек Эшмуродов Малайзиянинг "Селангор" клуби билан шартнома имзолади. Бу ҳақда "Селангор" клуби матбуот хизмати хабар тарқатди.

Маълумотларга қараганда, 31 ёшли футболчининг "Насаф" билан шартномаси якунига етган ва у эркин агент сифатида Малайзия клуби билан шартнома имзолади. Ушбу клуб келаси мавсумда Осиё чемпионлар лигаси-2 мусобақасида иштирок этади.

Косонда туғилган Эшмуродов футболчилик фаолиятини 21 ёшда "Шўртан"да бошлаган. У ғузорликлар сафида 4 мавсум ўйнаб, 83 баҳсда 4 гол урган. Умарбек шундан сўнг "Насаф" сафига ўтиб, Суперлига, Ўзбекистон кубоги ва Осиё чемпионлар лигасида клуб шарафини ҳимоя қилди. Умарбек "Насаф"нинг сўнгги мавсумлардаги сардори сифатида ҳаракат қилди. Футболчи илк марта 2020 йилда Ўзбекистон терма жамоасидан таклиф олди.

"Селангор" Эшмуродов учун илк хориж клуби бўлади.

"Очиғини айтсам, мен доимо хорижда ўйнашни истардим. Ўзбекистондаги 12 йиллик фаолиятимдан сўнг илк марта хорижга йўл оляпман. Умид қиламан, орттирилган тажрибам туфайли "Селангор"нинг жорий мавсумда муваффақиятга эришишида ёрдам беради", — деди Умар.

Эслатиб ўтамиз, Умарбек Эшмуродов айни пайтда Ўзбекистон миллий жамоаси сафида Осиё кубогида иштирок этмоқда. Футболчи "Селангор" мухлисларига мурожаат қилиб, мусобақадан кейин Малайзияда кўришишини маълум қилди.

"Селангор" Малайзиянинг 2023 йилги мавсумда 2-ўринни эгаллади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!