Ўзбек ва афғон божхоначилари “Термиз халқаро савдо маркази”да учрашди
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Иззатулла Ғуломов ва Афғонистоннинг Балҳ вилояти божхона ташкилоти раҳбари Билал Муҳаммад Абдуллаҳ бошчилигидаги делегация “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида учрашув ўтказди.
Президентимиз мамлакатимизга чегарадош хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари ва яқин қўшничилик муносабатларини йўлга қўйиб, уни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу жараёнда ўзбек-афғон халқлари ўртасидаги иқтисодий алоқалар яхшиланиб бораётир. Сурхондарё вилоятининг Термиз туманидаги Ўзбекистон – Афғонистон чегарасида ташкил этилган “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси ҳам давлатларимиз ўртасидаги иқтисодий алоқаларни юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Марказий Осиёда ҳозирча муқобили йўқ замонавий савдо зонасида икки ён қўшни давлат фуқаролари ва тадбиркорлари учун қулай муҳит шакллантиришга алоҳида аҳамият берилиб, доимий тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинмоқда.
Афғонистоннинг Балҳ вилояти божхона ташкилоти ташаббуси билан ташкил этилган учрашувда савдо марказидаги афғон тадбиркорлари фаолияти ва кириб келаётган фуқароларни чегара ҳамда божхона назоратидан ўтказиш масалалари, валюта айрибошлаш, рухсат этувчи сертификатлар ва савдо қилинаётган товарлар ҳажмини ошириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Айни пайтда Афғонистон тадбиркорларининг мамлакатимизда ўз бизнесини юритиши учун етарли шароит яратилган. Жумладан, биргина Сурхондарё воҳасида афғонистонлик ишбилармонлар иштирокида 210 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.
Яқин қўшничилик ва азалий дўстлигимизни кенг намоён этган савдо зонаси ҳудудига ўртача икки мингдан ортиқ Афғон фуқароси келмоқда. Жорий йил август ойида иш бошлаган марказда шу кунгача 15,5 миллион долларлик маҳсулот экспорти ва 10,6 миллион доллар ҳажмидаги маҳсулот импорти амалга оширилди.
Очиқ мулоқот чоғида меҳмонлар Ўзбекистоннинг афғон халқига кўрсатаётган илиқ муносабатлари ва яқин қўшничилик алоқалари учун чуқур миннатдорлик билдирди.