Ўзбекистонлик миллий кураш тренерлари ва ҳакамларини хорижий давлатларга “экспорт” қилиш йўлга қўйилади
“Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва оммалаштиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Халқаро кураш институтининг кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича фаолияти янада кенгайтирилади ҳамда унга қуйидаги қўшимча вазифалар юкланади:
- кураш бўйича халқаро даражадаги малакали тренерлар ва ҳакамларни тайёрлашни йўлга қўйиш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириб бориш тизимини жорий этиш;
- кураш бўйича илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириб бориш, шунингдек, зарур ўқув-услубий ва илмий-амалий қўлланмаларни ишлаб чиқишни ташкил қилиш;
- курашнинг янги йўналишларини жорий қилишда иштирок этиш, уларни оммалаштириш чораларини кўриш;
- кураш тренерлари ва ҳакамларини хорижий давлатларга “экспорт” қилишни йўлга қўйиш;
- курашни оммалаштириш, ривожлантириш ва дунёга танитиш ҳамда ушбу миллий спорт турини умумжаҳон миқёсидаги спорт турига айлантириш бўйича тизимли ишларни амалга ошириб бориш.
Шунингдек, хориждаги дипломатик ваколатхоналар зиммасига Кураш халқаро ассосиацияси ва Халқаро кураш институтининг курашни халқаро миқёсда ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича фаолиятига кўмаклашиш вазифаси юкланди.
Бундан ташқари, маҳаллий йирик тадбиркорларни Кураш халқаро ассосиациясига расмий ҳомий сифатида жалб қилиб бориш йўлга қўйилади.