Ўзбек олимаси АҚШда олтин медаль билан мукофотланди

Ўзбек олимаси АҚШда олтин медаль билан мукофотланди

Америка Қўшма Штатларининг Калифорния штати Санта Клара шаҳрида жорий йил 26-28 июль кунлари Силикон водийси Халқаро ихтирочилар инновацион фестивали — “The Silicon Valley international invention festival (SVIIF)” бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ихтирочи аёллар марказининг хабар беришича, мазкур халқаро фестиваль жаҳон илм-фани, технологиялари соҳасидаги ютуқлар ва яратилаётган янги технологияларни ўрганиш ҳамда рағбатлантириш мақсадида ўтказилади.

“SVIIF 2024” – фестивалида 30 дан ортиқ давлатдан келган 350 нафардан зиёд ихтирочи техника, технологиялар, озиқ-овқат, тиббиёт, кимё ҳамда саноатнинг турли йўналишлари бўйича ўз ихтиролари ва инновацион ишланмалари билан қатнашди.

Шуниси диққатга сазоворки, илк бор ушбу Силикон водийси халкаро ихтирочилар фестивалида ўзбекистонлик олима аёл, Тошкент давлат техника университетининг “Метрология, техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш” кафедраси мудири, Ўзбекистон Ихтирочи аёллари маркази эксперти Параҳат Матякубова иштирок этди.

У фестиваль доирасида ташкил қилинган кўрик-танловда “Capacitive moisture meter for liquid products and pool materials” мавзусидаги ихтироси бўйича амалга оширган илмий ишлари ва эришилган натижаларни намойиш қилди.

Ўзбекистонлик олима аёл, техника фанлари доктори, профессор Параҳат Матякубованинг ушбу ихтироси халқаро экспертлар томонидан юксак баҳоланди.

Ҳамюртимиз фестиваль доирасида ташкил килинган танловда дон маҳсулотлари ва қаттик сочилувчан материалларнинг намлигини назорат қилиш қурилмаси учун олган патенти “SVIIF-2024” — “The Finals” номинацияси бўйича “Ихтирочи мутахассис махсус соврини” ҳамда олтин медаль билан тақдирланди.

Ихтиро натижалари дон маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналарга жорий қилинган, функционал имкониятлари кенгайиши ҳисобига юқори иктисодий самарага эришилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!