“УЯТ БЎЛМАЙДИМИ?” ёхуд иштонини осилтирган йигитлар

“УЯТ БЎЛМАЙДИМИ?” ёхуд иштонини осилтирган йигитлар

Журналистлар таъбирича, оддий, сийқаси чиққан мавзуларни “чайнаш” кишининг ғашини келтиради. Бинобарин, шунга алоқадор жиҳатлар кўнглингизнинг бир четини “тебратса”, беихтиёр қўлингизга қалам оласиз. Бугун “оммавий маданият” тўғрисида кўп гапирилмоқда, матбуот саҳифаларида кетма-кет мақолалар чоп этиляпти, телевидениеда кўрсатувлар намойиш қилинмоқда. Оммавий маданиятнинг онг-у шууримизга салбий таъсири бисёрлиги, “гўзаллик” ниқобига ўрангани хусусида ранг-баранг мулоҳазалар билдириляпти. Бундан ёшлар хабардорми? Минг таассуфки, жамиятимизда бу иллатнинг турли кўринишлари илдиз отган: бодиарт, пирсинг, татуаж… ва ҳоказо. Яқинда яна бир янгича маданиятни учратдим. Тафсилотга ўтишдан олдин бироз ортга чекинамиз.

…Амакимнинг ўғли шаҳарда ўқийди. Жа, олифтанамо йигит! Шунинг учун янгам унга “модачи” деб лақаб қўйган. Янгамнинг гапида жон бор: бозорда бир мода чиқса, илк харидор бизнинг ука. Баъзан учратиб қолсам, даставвал, ўқиши ҳақида эмас, кийим-кечак фирмалари ва янги чиқаётган маҳсулотлар хусусида сўрайман.

Тунов куни амаким ўғлини койиётгани устидан чиқиб қолдим. Кўчадан ўтиб бораётсам, акам имлаб чақирди.

— Қара, бунинг кийган шимини! — деди у менга Муродни кўрсатиб. — Иштонини ҳўллаб қўйганга ўхшайди-я!

— Нимаси ёмон!? — дерди Мурод айланаркан.

Унинг шими на шалворга ва на трикога ўхшарди: белдан сонгача кенг, оёқ қисми тор! Номлашга ақл лол, алламбало, бир буюм. Кулгидан ўзимни зўрға тийдим.

— Бир нарса десанг-чи, бунга! — деди амаким куюниб. — Сен ҳам шаҳарда юрибсан, ахир!

Ярим ҳазил, ярим чин гапирдим.

— Абдуғани ака қизини бермай қўймасин! Тез йўқот, буни!

Амакимнинг фойдасига вазиятни оғдирдим.

— Ўзиям, “женский”ми дейман?!

Менинг гапим эр-хотинга хуш ёқиб, маъқуллашди. Биргаликда бу кийим ўғил болага умуман ярашмаслигини яхшилаб тушунтирдик. Мурод шу аёллар кийими эканига ишонди, чоғи. Янгам сотувчини койий-койий ичкарига кириб кетди.

Эртасига воқеанинг давомини янгамдан эшитдим.

— Лой-пойга киярсан десак, қайчилаб ташлади. Буюмга эмас, матога жоним ачиди! Шунақа матоҳ ишлаб чиқарган фирмага ҳам ҳайронман!

Бунинг ажабланарли жойи йўқлигини таъкидлаб, ҳалиги воқеа ёдимга тушди-ю, янгамга сўзлаб бердим.
Дўстим иккимиз бозордан чиққач, йўл машиналар билан тирбандлиги боис туннелдан юрдик. Ер ости йўли гавжум, йўлакларда ҳаракат тўхтамайди. Мева-чева сотувчиларнинг “Кеп қолинг, оп қолинг!” деган даъвати қулоққа чалинади. Тўғрига юриб борарканмиз, ёнимизда тўрва орқалаган бобой нари-бери ўн ёш набираси билан олдинда бир йигитни синчковлик билан кузатиб кетаётган экан.

Йигит борган сари юк оғирлигидан ҳар тарафга чайқалар, йўловчиларга урилиб кетиб, танбеҳ эшитарди.

Шу пайт бобо тўсатдан бақириб юборди.

— Иштонингни кўтар, ота! Тушиб кетса, уят бўлади.

Йигит бироз атрофга аланглагач, хитоб ўзига қаратилганини сездими, дарров бир қўли билан шимини ушлади. Ён-атрофда кулги кўтарилди. Унинг юзи бир онда лавлагидек қизарди. Аслида, унинг шими пастга тушиб кетмаётган, фақат ташқаридан қараган кишига шундай туюларди. У шимини кўтарганча автобусга чиқиб, кўздан йўқолди-ю, бобо набирасига муғомбирона кўз қисиб қўйди. Ҳамроҳим билан шу ҳолатни таҳлил қилишга ўтдик.

Инсон яралибдики, унда “манфаат” тушунчаси болаликдан ривожланади ва жамиятдан муайян ўрин топишига таъсир кўрсатувчи бирламчи омилга айланиб боради. Шунга мувофиқ, манфаат унинг (шахснинг) нафақат ички дунёсини ўзгартиради, шу билан бирга ўзи учун янгича қиёфани кашф этишига ҳам замин яратади. Бу аксар ҳолларда уни қуршаб турган муҳит билан мувофиқ тушади, яъни ёр-дўст қайси йўлдан юрса, эргашувчи ҳам шу йўлга ўзини уради. “Дўстинг — сенинг аксинг” дейишгани рост гап! Янгича кўринишнинг бошқалардан айрича жиҳати шуки, уни бошқаларга бадавлат, боқи беғам, дунё ташвишларига қўл силкиган ва ҳамма муаммони хамирдан қил суғургандек осон ҳал қилувчи “сиймо” қилиб кўрсатиши билан алоҳида аҳамиятлидир. Айни пайтда, унга муомала қилувчилар ўйлаб гапиришига ва ҳазил қилмаслигига ҳам бир ишорадир. Замонавий тилда бу “имиж” дейилади. Инглиз тилидан таржима қилинса, image – тасаввурдаги кўриниш, ифода, тимсол, таъсирчанлик каби маъноларни англатади. Хўш, бу ерда нимадан таъсирланиш назарда тутилмоқда?

Машҳур физик олим Исаак Нютоннинг иккинчи қонунига мувофиқ, ҳар қандай жисмга ташқи куч таъсир этмагунча, у доимий тинч, муаллақ ёки тўғри чизиқли ҳаракат ҳолатини сақлайди. Шундай экан, нафақат жисм, балки инсоннинг ўзгариши бевосита ташқи таъсирга боғлиқ. Шундай экан бундай кийиниш жамиятга ўз-ўзидан кириб келмаган.

Кетма-кет танқид остига олинаётганига қарамай, мавзу доираси торайиш ўрнига тобора кенгаймоқда ва кўпчиликни ўз қамровига қўшмоқда. Уларга эргашаётганларнинг аксари ёшлар эканини инобатга олсак, келажакда бунинг қандай оқибатларга олиб келиши — маънавиятга чанг солиши маълум. Бундай номақбул ҳолатлар асрий анъаналарга салбий таъсир кўрсатиши, инсон онгига ёт тушунчаларни олиб келиши, шубҳасиз. Кўникилган нарсалар бир четга сурилиб қолишидан қўрқасан, киши. Эътиборлиси, булар маънавият қалқонида занг каби пайдо бўлмоқда.

“Оддий кийиниш иймондандир”, дейилади ҳадисда. Камтарона кийим ҳам зийнат. Тор кийим қон айланиши бузилишига, тез чарчаш ва баъзи касалликларга олиб келади. Баъзи мамлакатлар таълим муассасаларида бундай кийимларда юриш қатъиян тақиқланган. Бу биринчидан соғликка зарар, иккинчидан ҳашамдор либос дарсда фикрни чалғитиб, таълим сифатига салбий таъсир кўрсатади. Бундан қутулишнинг ягона йўли эса тафаккурга тазйиқ ўтказувчи маълумотларни таҳлил эта билиш, асрий урф-одатларга содиқлик ва маънавий комилликка интилишдир.


Олим ЖУМАБОЕВ

Manba: fikrat.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!