Тўхманбий мақбараси сақлаб қолинадими?

Тўхманбий мақбараси сақлаб қолинадими?

Самарқанд шаҳар Кимёгарлар шаҳарчасида “Тўхманбий” номи билан аталувчи қабристон мавжуд. Бу ерда Ислом динига эътиқод қилувчи маҳаллий аҳоли билан бирга бошқа дин ва миллатга мансуб кишилар ҳам дафн этилган. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.

Қабристон ҳудудида XVI- XVII асрларда қурилгани тахмин қилинадиган Тўхманбий мақбараси мавжуд ва шунинг учун мозорот шундай номлангани айтилади.

Хўш, Тўхманбий ким бўлган, нима учун унинг шарафига мақбара қурилган? Қабристон тарихи ўрганилганми? Мақбарачи? Муҳофазага олинганми?

– Туманимиздаги қабристонлар ва қабртошларини ўрганиш чоғида ушбу қадамжога келиб, эски мақбаранинг тарихи билан қизиқиб кўрдим, – дейди бизга бу ҳақда хабар бериб, шу жойга таклиф қилган Пастдарғом туманидаги мактаб ўқитувчиси Акмалхон Ҳамроев. – Бу мақбара қозоқ найман уруғининг таниқли кишиларидан бири Тўхманбийга тегишли эканлигини айтишди. Ҳақиқатдан ҳам мазкур ҳудудда найман уруғига мансуб аҳоли яшайди. Бу жой дастлаб Пастдарғом туманининг Найман маҳалласи қабристони бўлган. Кейинчалик ҳудуд яқинида Самарқанд кимё заводи қурилиб, корхона ишчилари учун шаҳарча барпо этилгач, бу ерда яшаган аҳоли ҳам вафот этганда шу қабристонга қўйилган. Тўхманбий айрим тарихий манбаларда йирик савдогар, уруғ каттаси деб таърифланса, баъзиларида саркарда деб таърифланган. Менда бу ҳақда аниқ маълумот йўқ. Лекин мақбара Шайбонийлар даври иншооти эканлиги аниқ. Тўхманбий эса ўз даврининг таниқли шахсларидан бири бўлган ва унинг шарафига мақбара бунёд этилган. Чунки, ўтмишдан биламизки, бундай иншоотлар улуғ инсонлар, алломалар шарафига бунёд этилган. Лекин афсуски, мақбара эътибордан четда қолган ва у ҳақда маълумотлар жуда кам. Айтиш мумкини, батафсил ўрганилмаган. Мен бу ҳақда Самарқанд вилояти маданий мерос бошқармаси масъулларига, ўзим таниган тарихчи олимларга айтганман. Ўрганиб кўрамиз, дейишган. Аммо ҳозирча бу борада ишлар бошланмаган.

Найман маҳалласида яшовчи яна бир зиёли, шу ҳудуд ўтмиши билан қизиқувчи Яхшибой Тожибоев ҳам ушбу обида тарихи билан қизиқиб, айрим маълумотларни тўплагани, лекин мукаммал тадқиқот ишларини олиб бориш учун мутахассислар кўмаги зарурлигини таъкидлади.

– Қишлоғимиз оқсоқоллари бу ҳудудда қозоқ найман уруғининг пайдо бўлишини Тўхманбий номи билан боғлайдилар, – дейди Яхшибой Тожибоев. – Мен бу билан қизиқиб, айрим тарихий манбаларни ўрганганимда XX аср бошларида Самарқандда яшаган тарихчи олим Манаше Абрамовнинг “Самарқанд қабристонлари” номли асарида бу мақбара ҳақидаги маълумотларни ўқиганман. Китобда қайд этилишича, ХVI аср бошларида темурийлар даврида асос солинган жанубий-ғарбий дарвоза Коризгоҳ томонда ўзбек хонларидан бўлган Шайбоний авлодидан Бухоро хони Убайдуллоҳ II даврида найманларнинг “бия” уруғи бу жойда жуда катта ободонлаштириш ишларини олиб борган. Бу жойда шаҳарга кириш олдидан катта карвонсарой, савдо расталари, тоза сув олиш учун қудуқлар, чойхоналар қурилган. Чунки барча карвонлар шаҳарга киришдан олдин бу ерда тўхтаган, махсус кўриклардан ўтган ва шаҳарга кириш учун рухсатнома олган. Бу ҳақда академик И.Мўминов ўзининг “Самарқанд тарихи” асарида ҳам маълумотлар берган. Менинг бобом ва бувим ўтган асрнинг 60-70-йилларигача мақбаранинг ташқи томонидаги сирли кошинлар сақлангани, мақбара гумбази жуда салобатли бўлгани ва гумбазнинг тепасида сариқ метал чуқмор борлигини айтиб беришган. Мақбара пештоқининг сирли кошинлар билан безатилганини ўзим ҳам кўрганман. Ичкарида эса ертўла қисмида 3-4 та қабртош бор эди. Афсуски, ўша пайтда ҳудуддан ўтган ариқ бир неча бор тошиб, қабристонни сув босиши натижасида бу тошлар кўмилиб кетган. Ҳозир ертўлага тушиш ҳам имконсиз бўлиб қолган, чунки мақбара деворлари остигача қабрлар пайдо бўлган. Самарқанд вилоятида шу услубда қурилган бир нечта зиёратгоҳларни бориб кўрдим, улар бир-бирига жуда ўхшаш. Агар Тўхманбий мақбараси ҳам ўрганилиб, уни асраб-авайлаш, ҳудудни обод қилиш бўйича саъй-ҳаракатлар бошланса, халқимиз бу ишга бош қўшишига ишонаман.

Юртимизда тарихий обидалар, маданий мерос объектлари жуда кўп ва уларнинг ҳар бири халқимизнинг ўтмишидан сўзлайди. Бугун ана шу объектларни ўрганиш, тадқиқ этиш жараёнида юқорида қайд этилган Тўхманбий мақбараси тарихига ҳам эътибор қаратилса, бизга номаълум бўлган маълумотлар ойдинлашармиди?


 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!