Туркияга ишга боришни мақсад қилган фуқаролар чув тушди

Туркияга ишга боришни мақсад қилган фуқаролар чув тушди

2020 йилнинг 24 январь куни жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди биносида ўтказилган очиқ суд мажлисида судланувчи М.Фармоновага нисбатан ҳукм ўқилди. Бу ҳақда "ANIQ.UZ"га жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди раиси А.Сайдуллаев хабар берди.

М.Фармонова (исми шарифи ўзгартирилган) осон пул топиш йўлини излаб, инсонларга чет эл давлатида яхши маош яъни юқори даражада 1000-1500 АҚШ долларида иш ҳақи олишларини айтса, уларни чув тушириш қийинчилик туғдирмаслигини билиб, фирибгарликни ўзига касб қилиб олади.

2019 йил август ойида Кармана тумани “Катта-мачит” маҳалласида яшовчи Р.Шариповани ўзи билан бирга Туркия Республикасига ишлаш мақсадида олиб кетишни ваъда қилиб, алдаб, ундан 3 млн. 450 минг сўм пулларни ўзлаштиради.

Бундан ташқари, у ўзининг жиноий ҳаракатларини такроран давом эттириб, 2019 йил сентябрь ойида Кармана тумани “Х.Хисрав” маҳалласида яшовчи С.Ҳамидовани Туркия Республикасига ишлаш мақсадида юборишини ваъда қилиб, ундан 500 минг сўм пулларни олади.

М.Фармонова яна ўз мақсадида 2019 йил 07 сентябрь куни Кармана тумани “Янгиобод” маҳалласида яшовчи А.Ярашевни ишончига кириб, уни ҳам ўзи билан бирга Туркия Республикасига ишлашга олиб кетишини ваъда қилиб, алдаб, 1 млн 300 минг сўм миқдоридаги пулларни ўзлаштиради.

У 2019 йил июль ойининг ўрталаридан 17 сентябрь кунига қадар бўлган вақт оралиғида Кармана тумани “Хончорбоғ” маҳалласида яшовчи О.Тошовни ҳам ишончига кириб, Туркия Республикасига ишлаш мақсадида олиб кетишини ваъда қилиб, ундан 5 млн. 700 минг сўм миқдоридаги пулларни олади.

М.Фармонова яна ўзининг мақсадини давом эттириб, 2019 йил 17 сентябрь куни Кармана тумани “Х.Хисрав” маҳалласида яшовчи А.Қурбоновдан ҳам 500 минг сўм миқдоридаги пулларни олиб, ўзлаштиради.

М.Фармонова учун ҳаммаси жуда оддий ва осон кечаётган эди. Аммо қаъбих иш жазосиз қолмайди. М.Фармонова суд муҳокамасида айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилган ишидан чин кўнгилдан пўшаймондалигини билдирди.

Суд томонидан М.Фармонова Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “б” бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва жабрланувчиларга етказилган зарар қопланганлиги, уларнинг даъвоси йўқлиги, уни аёл киши экани инобатга олиниб, шу моддага асосан ЖКнинг 62-моддаси тартибида ойлик иш ҳақининг 20 (йигирма) фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 1 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди ва суд залидан озод қилинди.

 

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!