Трамп ташқи ёрдамни 2,5 миллиард долларга қисқартиради

АҚШ президенти Дональд Трамп аввал ажратилган "фавқулодда бюджет харажатлари"ни қарийб 3 миллиард долларга қисқартиради, шундан 2,5 миллиард доллари хорижий ёрдамга мўлжалланган эди. Бу ҳақда ТАСС ёзмоқда.
Semafor портали Оқ уйдаги манбаларга таяниб, Трамп АҚШнинг собиқ президенти Жо Байден маъмурияти томонидан қабул қилинган давлат қарзини ошириш бўйича 2023 йилга мўлжалланган қонун лойиҳаси бўйича фавқулодда вазиятлар фонди сифатида ажратиладиган маблағлар миқдорини қисқартириши ҳақида хабар берди.
Порталнинг қайд этишича, Трамп қисқартиришни режалаштираётган тахминан 2,5 миллиард доллар чет эл ёрдами, жумладан, миграция ва қочқинлар билан шуғулланувчи ноҳукумат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш, Молдова ва Грузиядаги иқтисодий ривожланиш ҳамда инклюзия билан боғлиқ лойиҳаларга ажратилиши керак эди. Бироқ, чоралар иттифоқчиларга, жумладан, Украинага ҳарбий ёрдамга таъсир қилмайди.
Расмийлардан бирининг айтишича, баъзи хорижий ёрдам маблағлари "тўғри текширилмаган, яхши ўйланмаган".
"Аслида, нафақат уларни (Байден маъмурияти томонидан ажратилган маблағлар) фавқулодда ҳолат деб таснифлаш мумкин эмас, балки улар ажратилиши мумкин бўлган энг паст устувор харажатлар турларидан бири ҳамдир", деди у.
2023 йилги қонунда назарда тутилган фавқулодда молиялаштиришнинг қолган тахминан 9,4 миллиард доллари тегмасдан қолади, дея қўшимча қилди Semafor.