Тошкентда автобусда аёлнинг юзига туфлаган эркакка суд ҳукми ўқилди
Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда аёл автобус ичи иссиқ бўлгани сабабли устидаги курткасини ечганлиги, оқибатда автобус ичидаги йўловчи эркак аёлни бу иши учун унга туфлагани акс этган видеолар тарқалган эди. Видеода кўриш мумкинки, йўловчи эркак аёлнинг бу иши учун онаси билан жанжаллашиб, қизига тарбияни тўғри бермаганини, бетарбия эканлигини айтиб, аёлни танқид қилган.
Аёл ушбу ҳолатга қуйидагича изоҳ берди.
“Мен ўша куни автобусга чиққан вақтимда автобус ичи иссиқ эди. Мен футболка устимдан “женфер” кийиб олгандим. Иссиқлик сабабли “женфер”имни ечиб турган эдим. Бекатимга яқинлашганимда, уни қайта кийганимда шу ҳолат содир бўлди. Бир киши "Нима учун бу ерда ечиняпсан, бетарбиясан," деб ҳақорат қилди ва юзимга туфлади".
Бироқ йўловчи туфлаганини тан олмаган.
“Мен кейин кўриб чиқдим, улар монтаж қилиб чиқариб юборган. Охиригача видео йўқ эди. Йўқ, туфламаганман. Жаҳл устида гапираётганимда чиқиб кетган бўлиши мумкин. Ўша ерда узр ҳам сўраб чиқдим”,- дейди йўловчи эркак.
Ҳолат юзасидан маъмурий иш ЖИБ Учтепа туман судида кўриб чиқилди. Бу ҳақда “Миллар” дастури хабар қилди. Йўловчи эркак МЖтКнинг 183-моддасида содир этилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.