Тожикистон диний эркинлик бўйича қора рўйхатдан чиқарилмагач АҚШга норозилик билдирди

Тожикистон диний эркинлик бўйича қора рўйхатдан чиқарилмагач АҚШга норозилик билдирди

Тожикистон дин ишлари қўмитаси AҚШ Давлат департаментининг мамлакатда диний эркинликлар бузилаётгани ҳақидаги баёноти ва мамлакатни «алоҳида ташвишга сабаб бўлаётган давлатлар» қаторида қолдирганидан норози эканини билдирди.

Қўмита илгари ҳам бир неча бор АҚШ давлат департаментининг бундай айбловлари асосли эмаслигини билдирган эди. Тожикистон дин ишлари қўмитасига кўра, АҚШ давлат департаментида эълон қилинган ҳисоботлардаги маълумотлар ҳаққоний эмас ва улар норасмий манбаларга асосланган.

«AҚШ Давлат департаменти ва Халқаро диний эркинликлар бўйича қўмитанинг Тожикистонда диний эътиқод эркинлиги тўғрисидаги ҳисоботлари анча йиллардан бери бир хил мазмунга эга бўлган ҳолда деярли ўзгармай келаяпти. Шу муносабат билан дин ишлари қўмитаси бир неча бор уларга мурожаат қилиб, Тожикистонга комиссия юборишни ва мамлакатда диний эркинликнинг қай даражада эканлигига баҳо беришни сўраб келади.

Тожикистон мустақиллик йилларида дин соҳасида яратилган шароитлар ва эркинликлар масаласида улкан ютуқларга эришди. Шуларни инобатга оладиган бўлсак, бугун мамлакатни диний эркинлик тўлиқ чекланган давлатлар рўйхатига киритиш ноҳақликдир», дейилади қўмита баёнотида.

Олдинроқ АҚШ давлат департаменти дунёнинг турли давлатларидаги диний эркинлик ҳолати бўйича рўйхат янгиланганини эълон қилганди. Унга кўра, Ўзбекистон илк марта кузатувдаги давлат қаторидан чиқарилиб, қолган давлатларга ўрнак сифатида кўрсатилганди.

«Қора рўйхат»да Тожикистондан ташқари яна 9 та давлат жой олган – Бирма, Хитой, Эритрея, Эрон, Нигерия, Шимолий Корея, Покистон, Саудия Aрабистони ва Туркманистон. АҚШ давлат департаменти бу давлатларда диний эркинликни мунтазам ва қўпол равишда бузиб келаётганидан хавотирда эканини билдирган.

Россия, Комор ороллари, Куба ва Никарагуа давлатлари АҚШ давлат департаменти томонидан дин эркинлиги жиддий равишда бузгани эътироф этилган ҳолда махсус кузатув рўйхатига киритилган. Судан ва Ўзбекистон махсус кузатувдаги давлатлар рўйхатидан чиқарилган. Баёнотда айтилишича, бу икки давлат томонидан амалга оширилган ислоҳотлар бошқа мамлакатлар учун намуна бўлиб хизмат қилади.

«АҚШ дунё бўйлаб диний сабабларга кўра юз бериши мумкин бўлган таъқибларни тўхтатиш учун ҳаракат қилишда давом этади», дейилади баёнотда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!