Телефон қувватлагични розеткада қолдирса нима бўлади?

Телефон қувватлагични розеткада қолдирса нима бўлади?

Бугун ҳаётимизни гаджетларсиз тасаввур қилишимиз қийин ва табиийки, ҳар бир киши ўз қурилмасининг қувватловчи воситасига эга. Бу кичик техникани кўпчилик розеткадан олмасдан ишлатишга одатланган. Чунки бу жуда қулай-да. Лекин бу хавфсизлик ва иқтисодий томондан зарарлимасмикин? Бугун сиз билан шунга ойдинлик киритамиз. 

Мутахассислар нима дейди?

Москва энергетика институти юқори кучланиш муҳандислиги бўлимининг етакчи илмий ходими Руслан Борисов фикрича, зарядловчи қурилмаларни розеткада қолдириш мумкин. Агар улар бузилмаган бўлса, ҳеч қандай ёмон ҳолат юзага келмайди. Чунки бундай қурилмалар доимий фойдаланишга мослаштирилган ҳолда ишлаб чиқарилади. Аммо қурилма бирозгина носоз бўлса, хавфли вазиятлар келиб чиқиши мумкин.

Лекин ортиқча энергия сарфи ҳақида ҳам ўйлашимиз керак. Зарядлаш қурилмаси розеткада шунчаки турган ҳолатда йилига, тахминан, 3 кВт соат электр энергиясини исроф қилади.

Қандай ҳолатларда розеткадан олиб қўйиш керак?

Кучли момақалдироқ бўлаётганда нафақат зарядловчи қурилмаларни балки, розеткаларга уланган барча техникаларни узиб қўйиш керак. Чунки бундай вақтда қисқа туташув, ёнғин ва бошқа муаммолар техникаларга хавф солиб туради. Шунинг учун таваккал қилмасликни маслаҳат берамиз.

Қизиб кетган қувватлагични розеткада қолдириш мумкинми?

Баъзи фойдаланувчиларнинг розеткага уланган зарядлаш қурилмаси вақти-вақти билан қизиб кетади. Бу қурилма ҳароратининг кўтарилиб-тушиши билан боғлиқ. Агар қурилма кўп ишлатилагани учун қизиб кетаётган бўлса, унда хавотирланадиган ҳеч нарса йўқ. Баъзи гаджетлар учун бундай қизиш нормал ҳолат ҳисобланади.

Бироқ қизиб кетиш доимий равишда кузатиладиган бўлса, ёки ундан куйган пластмасанинг ҳиди чиқиб кетса, қурилма бузилган бўлади. Бундай носоз техникадан вақтида воз кечилмаса, инсон саломатлигига жиддий хавф солиши мумкин.

Лекин шуни ҳам таъкидлаш керакки, қурилманинг қизиб кетиши кўп ҳолларда унинг ўзини деб эмас, балки розетка сабаб юзага келади. Бу кўпинча қишлоқ жойларда содир бўлади. Чунки у ерлардаги электр симлари жуда эски бўлиб, ҳозирги кунда ишлаб чиқарилаётган юқори ток талаб қиладиган техникалар учун мўлжалланмаган. Бундай ҳолатда қувватлагичдан эҳтиёткорлик билан фойдаланинг. Ишлатиб бўлганингиздан кейин розеткадан узиб қўйинг.

Умуман олганда, зарядлаш мосламаларини розеткаларда қолдириш керакми ёки йўқ? Бу саволга мутахассислар аниқ бир жавоб бера олишмайди. Шунинг учун юқоридаги маълумотлардан хулоса чиқарган ҳолда қандай йўл тутишни ўзингиз ҳал қилинг.

 

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!