Теҳронда намойишлар: Оятуллоҳ Хоминаийдан истеъфо талаб қилинмоқда

Теҳронда намойишлар: Оятуллоҳ Хоминаийдан истеъфо талаб қилинмоқда

11 январь куни Теҳрондаги Амир Кабир номидаги университет яқинида юзлаб кишилар норозилик намойишига чиқишди ва мамлакат олий диний раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоминаийнинг кетишини ҳам талаб қилишди.

«Бош қўмондон, йўқол!» дея ҳайқиришган Украина йўловчи самолёти эронлик ҳарбийлар хатоси билан уриб туширилганидан ғазабланган намойишчилар.

Шанба куни Эрон ҳукумати «Украина халқаро авиалиниялари»нинг «Боинг» русумли йўловчи самолёти Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳарбийларининг хатолик билан берилган зарбаси туфайли уриб туширилганини тан олди.

Авиаҳалокат оқибатида ҳалок бўлган 176 кишининг 83 нафари Эрон фуқаролари эди, шунингдек, ҳалок бўлган 60 нафардан ортиқ Канада фуқаролари ҳам келиб чиқишига кўра эронлик эди.

Асосан, талабалар ва марҳумларнинг яқинлари бўлган намойишчилар марҳумлар хотираси учун шамлар ёққан, ҳукуматга қарши шиорлар айтишган.

Ижтимоий тармоқда тарқалган видеолардан бирида оломон шундай ҳайқиради: «Истеъфо етарли эмас, суд керак!»

Мамлакатдаги энг нуфузли университет биноси олдида тўқнашувлар юз берган, полиция ёруғлик-шовқинли гранаталардан фойдаланган.

Ҳукуматнинг IRNA агентлиги хабарига кўра, оятуллоҳ Хоминаий самолёт ҳалокатига сабаб бўлган бепарволик бўйича текширув ўтказишга кўрсатма берган.

У хатога йўл қўйилгани исботини топганини маълум қилган ва бундай ҳолат бошқа қайтарилмаслиги учун чоралар кўришга чақирган.

Эрон парламенти якшанба куни авиаҳалокат тафсилотлари очиқ мажлисда кўриб чиқилишини эълон қилди.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Эрон ҳукумати ҳодисадан чуқур қайғуда эканини айтди ва айбдорлар жазоланишига ваъда берди.

АҚШ президенти Дональд Трамп “Твиттер”даги саҳифасида форс тилида намойишчиларни қўллаб-қувватлади.

Эронда одамлар Теҳрон марказида йиғилиб, марҳумларни хотирлашди ва «Диктаторга ўлим!» дея ҳайқиришди.

Улар армия бош қўмондони ҳисобланадиган оятуллоҳ Хоминаий истеъфога чиқишини талаб қилишмоқда.

Кўпчиликнинг фикрича, агар бошқа давлатлар ҳукуматлари томонидан босим бўлмаганида, Эрон ҳукумати хатони ҳеч қачон тан олмаган бўларди.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!