Суннатнинг Қуръон билан насх бўлиши

Суннатнинг Қуръон билан насх бўлиши

Суннатнинг Қуръон билан насх бўлишига ҳамма иттифоқ қилган ва бунинг намуналари жуда ҳам кўп.

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнаи Мунавварага ҳижрат қилиб келганларидан сўнг, Байтул Мақдис томонга қараб намоз ўқишни бошлаганлар. Қибла ўша томон бўлган. Шунинг учун ҳам, Қуддуси шарифни ҳозиргача «икки қибланинг биринчиси» деб аталади.

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўн олти ой ёки ўн етти ой Байтул Мақдис томонга намоз ўқидик. Сўнгра Каъба томонга бурилиндик».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадийнаи Мунавварага келишлари Робиъул Аввал ойида бўлган. Қибланинг Каъба томон бурилиши эса, ҳижрий иккинчи йилнинг Ражаб ойи ўрталарида бўлган. Шу икки муддат ичида Байтул Мақдис қибла бўлиб турган.

Сўнг «Бақара» сурасида қуйидаги оят тушиб, суннат билан собит бўлган ҳукмни насх қилган ва Каъба қибла бўлган.

«Гоҳо юзингнинг осмонга тез-тез бурилганини кўрамиз. Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қиблага қаратамиз. Юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам, юзингизни у томон бурингиз» (144-оят).

– Дастлаб, рўза фарз бўлган вақтида ифтор вақти қуёш ботгандан то хуфтон намози вақти киргунча бўлган, холос. Агар ўша вақт ичида ифтор қилиб олинмаса, ундан кейин яна ифтор вақти келмагунча еб-ичишга рухсат бўлмаган.

Шунингдек, рўза пайтида кечаси ҳам эру хотин жинсий яқинлик қилишларига рухсат бўлмаган.

Кейинчалик Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Бақара» сурасидаги қуйидаги оятни нозил этиб, суннат ила собит бўлган ушбу ҳукмни насх қилди:

«Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди. Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз. Аллоҳ сизнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни билди, тавбангизни қабул этди ва сизларни афв этди. Энди уларга яқинлашаверинг ва Аллоҳ сизга ёзган нарсани талаб қилинг. Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг» (187-оят).

– Баъзи уламоларнинг ижтиҳодларига қараганда, Ашуро куни рўзасини тутиш суннат ила вожиб бўлган. Сўнгра Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини тутиш ҳақидаги оятларни нозил қилиб, бу ҳукмни насх этган.

Manba: azon.uz

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!