Snapchat каби иловалар кишилар психологиясига салбий таъсир кўрсатмоқда

Snapchat каби иловалар кишилар психологиясига салбий таъсир кўрсатмоқда

Сўнгги вақтларда пластик жарроҳлар ноодатий тенденцияни кузатишмоқда: одамлар селфи олиб, ўзларини фотошоп дастурли иловаларда таҳрирлаб, жарроҳлардан ана шундай мукаммал версияларга ўхшатиб операция қилишни сўрашмоқда. BigThink нашри шу ҳақидаги мақоласи билан бўлишди. 

Бостон Университети Тиббиёт мактаби Дерматология бўлими тадқиқотчиларининг JAMA Facial Plastic Surgery'да ёзишларича, мазкур тенденция Snapchat dysmorphia номини олди.

Нима учун Snapchat дейсизми? Snapchat ва Facetune каби  машҳур иловалар суратларни "фильтрлаш" имконини бериб, терини таранглаштириш, тишларни оқартириш ва ҳатто кўз ҳамда лабларни катталаштириш функцияларини таклиф қилади. Бундай имкониятлар ёрдамида ҳар бир инсон ўзининг сезиларли камчиликларини саноқли сонияларда яшириши мумкин. 

Бу бир зумда "мукаммаллик"ка эришишдир. Илгари фақат машҳур кишилар фотосессияларида суратларни таҳрирлаш технологиясидан фойдаланишар эди. Бугун эса у барча телефонларда. 

Манбада келтирилишича, бу тенденция ташвишга сабаб бўлади, чунки ўз суратини "фильтрлаган" одамлар кўпинча эришиб бўлмайдиган чиройни тасаввур қилишади ва реаллик чегарасидан ўтишади. Бундай фильтрланган суратларнинг кенг тарқалиши инсоннинг ўзига бўлган ишончига таъсир кўрсатиши, унинг реал ҳаётда ўзгача кўринишдан уялишига ва ҳатто дисморфоген тана бузилиши (body dysmorphic disorder - BDD)га олиб келиши мумкин.

BDD - ташқи кўринишдаги камчиликлардан ҳаддан ташқари қайғуриш. BDD катталар билан бир қаторда болаларга ҳам тааллуқли, бу айниқса, масхаралаш ёки таҳқирлашнинг муайян шаклларидан азият чеккан ёшларда яққол сезилади. 

Тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, BDD'га йўлиққан кишилар ўз камчиликларини яшириш учун кўп нарсага тайёр бўлишади - ташқи кўринишларини ўзгартиришга умид қилиб, тез-тез дерматолог ва пластик жарроҳларга мурожаат қилишади.

The International OCD Foundation баҳоларига кўра, АҚШнинг 1,7-2,4 фоиз аҳолиси ёки 5-7,5 миллион киши BDD билан касалланган. Манбада реал кўрсаткичлар бундан-да юқори бўлиши мумкинлиги айтилмоқда, чунки ҳамма ҳам BDD белгиларини очиқ намойиш қилавермайди.

Тадқиқотларнинг кўрсатишича, BDD'дан азият чекувчи кишилар ижтимоий тармоқлардан ўз жозибадорликларини тасдиқлаш воситаси сифатида фойдаланишга мойил бўлишади.

Ўз суратларига кўп "зеб" берувчи ўсмир-қизлар бошқаларга қараганда ўз ташқи кўринишларидан кўпроқ хавотирда бўлишар экан. 

Манбада қайд қилинишича, BDD'дан азият чекувчи кишилар шафқатсиз муносабат ва таҳқирликлардан кўпроқ жабрланган. 

Пластик жарроҳларнинг маълумотларига кўра, мижозлар бир неча йиллар аввалга нисбатан кўпроқ мурожаат қилишмоқда. Бундан ташқари, бурун ва юз ассиметрияси, соч эктириш ва қовоқ олдириш каби амалиётлар ўтган йилларга қараганда кўпроқ амалга оширилмоқда. 

Тадқиқот муаллифлари турли фототаҳрирлаш дастурлари сабаб одамларнинг эришиб бўлмас мукаммаллик кетидан қувишларидан хавотирдалар. Улар фильтрланган селфилар ўсмирлар ва BDD'дан азият чекувчиларга зарарли таъсир кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантиришмоқда.

Manba: kun.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!