Сирдарёда бемеҳр ота-она ногиронлик билан туғилган фарзандидан воз кечди

Сирдарёда бемеҳр ота-она ногиронлик билан туғилган фарзандидан воз кечди

Гулистон шаҳар прокуратураси фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда вояга етмаган Алижон Қаҳҳоровнинг манфаатини кўзлаб, жавобгарлар Алишер Одилов ҳамда Малика Шердилова (исм-фамилиялар ўзгартирилган)ларга нисбатан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва улардан алимент ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилишини сўрашган. Ҳўш, аҳвол шу даражага боришига нима сабаб бўлди?

Гулистонлик Алишер Одилов ҳамда Малика Шердиловалар 2016 йил 12 февралда ногиронлик билан туғилган фарзандини оилавий шароити тўғри келмаганлигини рукач қилиб, ундан 2016 йил 14 сентябрда нотариал тартибда воз кечишган.

Ҳозирги кунда болакай туман ҳокимлигининг 2019 йил 3 апрелдаги қарорига асосан, “Гўдаклар уйи” да тарбияланаётир. Минг афсуски, қалби ўксик болажоннинг ота-онаси шу кунгача умуман ундан ҳабар олишмаган ва боланинг тарбиясида иштирок этишаётган эди.

Ўз фарзандининг тақдири билан қизиқмаган бундай ота-оналарга нисбатан, Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 79-моддаси 1-қисми 1-бандида “ота-она (улардан бири) ота-оналик мажбуриятларни бажаришдан бош тортса, шу жумладан алимент тўлашдан бўйин товласа ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкинлиги” кўрсатилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг қарорига асосан, даъвогар Гулистон шаҳар прокуратурасининг вояга етмаган Алижон Қаҳҳоровнинг манфаатини кўзлаб, унда жавобгарлар Алишер Одилов ҳамда Малика Шердиловаларга нисбатан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақидаги даъвоси қаноатлантирилди. Шунингдек, вилоят “Гўдаклар уйи” фойдасига 2020 йил 15 июль кунидан бошлаб то фарзанди вояга етгунга қадар жавогарларнинг ҳар бирини иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/8 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланди.

Ҳа, ота-она меҳрига муҳтож болаларнинг тақдири жуда мураккаб бўлишини барчамиз яхши биламиз. Биз истардикки, бағри тош бу ота-она ҳаётдаги бу қўпол ва кечириб бўлмайдиган янглишганларини тезроқ англаб етишсин. Акс холда, уларни оҳиратда ҳам бунданда оғир жазо кутиб тургани муқарардир.

Нарзулла МУРОТОВ,
Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро суди раиси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!