Шахмат: Абдусатторов, Синдоров, Ёқуббоев “Qatar Masters Open”нинг кучлилари сафида

Шахмат: Абдусатторов, Синдоров, Ёқуббоев “Qatar Masters Open”нинг кучлилари сафида

Доҳада ўтказилаётган “Qatar Masters Open” халқаро турнирининг бешинчи турида мамлакатимиз шахматчилари ишончли ўйин намойиш этди.

Кеча ўтказилган мусобақаларда иқтидорли шахматчимиз Жавоҳир Синдоров Америка шарафини ҳимоя қилаётган гроссмейстер Ҳикару Накамура билан рўбарў келди. Шиддатли ўтган баҳсда томонлар муроса йўлини танлади. Ушбу натижа Синдоровнинг умумий очколари сонини 4 тага етказишини таъминлади.

Терма жамоамизнинг етакчи шахматчиси Абдусатторов 5-турда ҳиндистонлик Картик Венкатараманни доғда қолдирган бўлса, ёшларимиздан Ҳумоюн Бегмуратов оқ доналарда Жанубий Корея вакили Квон Цехюнни, Олмос Раҳматуллаев қора доналарда ҳиндистонлик Ааюш Бҳаттачержини мағлубиятга учратди.

Шу тарзда ҳамюртларимиздан Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев 4 очкога, Жаҳонгир Воҳидов 3.5, Шамсиддин Воҳидов 3, Абдумалик Абдусалимов, Муҳиддин Мадаминов, Муҳаммадзоҳид Суяров, Саидакбар Сайдалиев, Муҳаммадали Абдураҳмонов 2.5, Бобур Сатторов ва Баҳром Баҳруллаев 2 очкога эга бўлган ҳолда “Qatar Masters Open” турниридаги иштирокини давом эттирмоқда.

Айтиш лозим, ортда қолган 5-турдан кейин ҳиндистонлик Нараянан 4.5 очко билан пешқадамлик қилаётган бўлса, 13 нафар шахматчи 4 очкога эга бўлиб турибди.

31 давлатнинг 158 нафар шахматчиси қатнашаётган “Qatar Masters Open” халқаро турнирида 17 нафар иштирокчи 1 очко қўлга киритган бўлса, 3 нафари ҳали ҳамон бирон бир очкога эга бўла олмади.

Бугун, 16 октябрь куни ўтказиладиган 6-тур ўйинларида ҳамюртларимиздан Нодирбек Абдусатторов мусобақа етакчиси Нараянан билан оқ доналарда куч синашса, Синдоров қора доналарда ҳиндистонлик Адитья Миттал билан, Жаҳонгир Воҳидов яна бир Ҳинд вакили Пранеш билан, Нодирбек Ёқуббоев қора доналарда қозоғистонлик Ренат Жумабоев билан баҳс олиб боради.

Эслатиб ўтамиз, 21 октябргача давом этадиган халқаро турнирнинг умумий мукофот жамғармаси 108 минг 250 АҚШ долларидан иборат этиб белгиланган. Унда ғолибликка эришган шахматчи 25 минг, 2-ўрин соҳиби 15 минг ва учинчи ўринни қўлга киритган шахматчи 10 минг АҚШ доллари билан тақдирланади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!