“Саховат”нинг саховатига давлат тўсиқ бўлдими? Ёхуд“Саховат” гуруҳининг фаолияти тўхтатилди

“Саховат”нинг саховатига давлат тўсиқ бўлдими? Ёхуд“Саховат” гуруҳининг фаолияти тўхтатилди

Бундан икки йил аввал Тошкентда “Саховат” номли кўнгиллилар гуруҳига норасмий равишда асос солинган эди. Бир неча кишидан иборат маъмурлар бошчилигида Telegram ижтимоий тармоғида “Саховат” гуруҳи очилди ва ушбу гуруҳ орқали оғир касалликка чалинган, бошпанасиз қолган ва боқувчисини йўқотган одамларга ёрдам бериш каби хайрия ишлари бошлаб юборилди.
Ўтган бир йил ичида гуруҳ одамлар орасида жуда катта обрў қозонди. Ҳар ҳафта мискинларга рўзғор улашди, бетобларга дори-дармон олишда ёрдам берди. Ҳатто, бошпанасиз қолган оилаларнинг бир нечасига уй қуриб бериш ишларини ҳам бошлаб юборди.
Бу орада Telegram каналидаги кўнгиллилар сони 11 минг нафардан ошди. Гуруҳ маъмурлари бирор уяли алоқа компаниясидан янги рақам олар ва ким қанча эҳсон қилишни истаса, Paynet орқали ушбу рақамга пул ўтказишини сўрашар эди. Ўтказилган пуллар маълум миқдорга, айтайлик 50-100 миллион сўмга етганидан кейин рақам эгаси номидан компанияга мурожаат қилинар, рақам ҳисобига тушган пуллар пластик картага ўтказилиб, хайрли мақсадларда сарфланар эди.
Бугунгача ушбу гуруҳга келиб тушган пулларнинг ҳисоби қай тартибда олиб борилган, норасмий равишда бўлса ҳам бухгалтерия ишлари юритилганми ёки йўқ, буниси бизга қоронғи. Аммо шуниси маълумки, гуруҳга одамлар орасида ишонч кун сайин ўсди. Уларнинг ҳар ҳафта собиқ “Бунёдкор” ҳозирги “Миллий” стадиони атрофидаги майдонда рўзғорга қўли калталик қилаётган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотларини беминнат тарқатиши одамлар тилига тушди. Ҳар ҳафта 100 та оилага рўзғор қилинарди. Бироқ “Саховат”нинг охирги саховати, яъни 500 оилага тарқатган озиқ-овқат маҳсулотлари ижтимоий тармоқларда катта шов-шувга сабаб бўлди. 
Орадан кўп ўтмай, ушбу гуруҳ фаолиятига расмий ташкилотлар томонидан нуқта қўйилди. Тўғрироғи, “Саховат”га расмий мақом олиб ишлаш, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтиш, сўнг исталганича саховат кўрсатиш таклиф этилди. Бир тарафдан давлат одамларнинг садақа қилиши, закот улашишига ҳам тўсқинлик қиляптими, деган саволлар келиб чиқиши турган гап. Лекин масаланинг моҳияти бошқа нуқтада: “Саховат” расмий мақом олиб, барча ишларини ҳужжатлаштириб ишласа, фаолияти янада шаффоф, янада ишончли бўлади. Қолаверса, Аҳмадбой билан боғлиқ ҳолат такрорланмаслиги учун ягона ечим қонунларга итоат қилиб, давлат рўйхатидан ўтишдир.
Масаланинг яна бир жиҳати борки, жамоат жойларида одамларни тўплаб, акция ўтказиш Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонунларига кўра амалга оширилиши, расмий ташкилотлар, хусусан ИИББ, Ёнғин хавфсизлиги, Тез тиббий ёрдам огоҳлантирилган бўлиши керак. Одамлар гавжум жойда турли кўнгилсизликлар чиқиши эса эҳтимолдан ҳоли эмас. Устига устак рўзғор бепул тарқатилса.
Айни дамда “Саховат” гуруҳининг номи ўзгарди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, “Саховат” давлат томонидан билдирилган бир неча таклифларни кўриб чиқиб, расмий мақом олишни маъқул кўрмади ва энди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиеванинг “Меҳрли қўллар” хайрия фонди қошида ўз ишини қайта ташкил этмоқда.
Manba: qalampir.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!