Самарқанддаги саммитда ишлаган айрим гидларга нега пул берилмаган? Вазирлик муносабат билдирди

Самарқанддаги саммитда ишлаган айрим гидларга нега пул берилмаган? Вазирлик муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда 2022 йилнинг сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммитида таржимонлик қилган гидларга икки ойдан бери хизмат ҳақлари тўлаб берилмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Туризм ва маданий мерос вазирлиги бунга расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Самарқанд саммитига учта тоифадаги гидлар жалб қилиниб, улар талабалар, Маданий мерос агентлигида фаолият олиб борувчи ва мустақил гидлардан иборат.

Биринчи тоифада тадбирга Самарқанд давлат университети, Ипак йўли халқаро туризм ва маданий мерос университети ҳамда Чет тиллар университети талабалари кўнгилли (волонтёр) сифатида жалб этилган.

Иккинчи тоифага кирувчи Маданий мерос агентлигида ишловчи гидларнинг фаолият доирасидан ва ойлик иш ҳақи олишидан келиб чиқиб, уларга қўшимча тўловлар кўзда тутилмаган.

Учинчи тоифа — мустақил профессионал гидларга эса 500 минг сўмдан тўлов амалга оширилаётгани маълум қилинган.

Вазирлик муносабатида 2019 йил 2 декабрдаги ЎРҚ-585-сонли қонуннинг 3-моддасига кўра, волонтёрлик фаолияти — жисмоний ёки юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бепул асосда амалга ошириладиган, эркин хоҳиш-иродага кўра бажариладиган, ижтимоий жиҳатдан йўналтирилган, жамоат учун фойдали бўлган ихтиёрий фаолият ҳисобланиши ва шу қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, волонтёрлик фаолиятининг асосий омиллари волонтёрлик фаолияти қонунийлик, инсонпарварлик, тенглик, ихтиёрийлик, беғаразлик принципларига асосланиши эслатиб ўтилган.

Мустақил гидларга эса улар тақдим этган маълумотлар ҳамда уларнинг тўлиқлигига асосан хизмат пули тўлаб берилаётгани айтилган.

Тайёргарлик билан боғлиқ тегишли ҳужжатларга кўра, ШҲТ саммитида барча гидлар 3 кун давомида транспорт, овқатланиш ва махсус кийим (эркакларга — костюм шим ва пойафзал, аёлларга — тўлиқ уст-бош ва туфли) билан таъминланган.

Шунингдек, 21 ноябрь куни Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов томонидан Самарқанд давлат чет тиллар институтида тушунтириш ишлари олиб борилган. Унда талабалар «давлат раҳбарлари иштирокидаги халқаро саммитда қатнашиш улар учун катта тажриба бўлгани», «тадбирдан олдин уларга ташкилий жараёнлар билан боғлиқ барча зарур маълумотлар берилгани» ва «улар ҳеч қандай тўлов кутмаётганликлари»ни билдиришган.

«Бугун мақолада келтирилган айрим деталларни аниқлаштириш учун саммит тадбирларида қатнашган Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқитувчилари, магистрантлари ва талабалари билан учрашдик. Институт талабалари тегишли сертификатга эга бўлмай туриб, ушбу халқаро тадбирда қатнашиш ва ШҲТ мамлакатлари президентлари билан мулоқот қилиш ва суратга тушиш бахтига муяссар бўлганликларининг ўзиёқ улар учун шараф экани ва бу тадбир талабалар учун муҳим амалиёт бўлганини таъкидлашди.

Қолаверса, халқаро тадбир муваффақиятли ўтганлиги ва унда СамДЧТИ жамоаси ва талабалари фаол иштирок этганлари учун уларга ташаккурномалар берилган», — дейди Қобилов.

«Шу ўринда қайд этиш лозимки, Самарқанд давлат университети, Ипак йўли халқаро туризм ва маданий мерос университети ҳамда Самарқанд давлат чет тиллар институти талабаларининг аксарияти ўз ташаббуси билан ушбу саммитда иштирок этиш истагини билдирганликлари ва ватанпарварлик ҳиссини намойин этганликлари алоҳида таҳсинга сазовордир», дейилади вазирлик ахборот хизмати хабарида.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!