Саҳрога айланаётган Қоракўл

Саҳрога айланаётган Қоракўл

Саҳрога айланаётган Қоракўл Неча йилдирки Бухоронинг Қандим массиви аҳолиси газни қайта ишлаш заводидан тарқалаётган ёқимсиз ҳид билан нафас олади. “Заҳар” ютаётган аҳоли газ ҳидини билса-да, газнинг ўзидан “бехабар”.

Аҳолига деярли газ етказиб берилмайди. Шу сабабли одамлар саксовулларни кесиб ўтин қилишади, шу тариқа қишда жон сақлайдилар. “Заҳар заққумини ютамиз-у, ўзидан наф кўрмаймиз”, дейди туман аҳолиси.

Қоракўл тумани аҳолиси ҳам бута ва саксовулларни ёқиб қиш ўтказмоқда. Аммо, саксовул ва буталар бирини узсанг орқасидан ўнтаси ўсиб чиқадиган печак ўт эмас. Кесилган дарахтлар ўрнига янгилари экилмаяпти. Экилса-да ер сувсизланиб, шўрланиб бораётгани сабаб саксовулзорни қайта тиклаш имконсиз. Аслида уни тиклашга биров уринаётгани ҳам йўқ. Ҳокимият ҳозирча бу муаммога эътибор қаратмаяпти. Албатта, бу туман ҳокимияти даражасида ҳал бўладиган муаммо эмас, лекин юқоридаги раҳбарият эътиборини шу масалага жалб этиш айнан ҳокимликнинг бўйнида. Бироқ, кўчалар, йўллар ҳатто мутасаддиларнинг кўзларини ҳам қум босгандай гўё. Оқибати жиддий тус оладиган бу муаммога бугун негадир одамлар ҳам бефарқ. Табиатдаги мувозанатни ушлаб турган дарахтларни кесиб, ёқаётган одамларни ҳам қоралай олмайсиз. Ахир ёқилғи бўлмагач, бечора одамлар нима ҳам қилсин?

Саксовулсиз қолган чўл қумлари эса тобора шаҳар марказигача етиб бормоқда. “Шаҳарнинг исталган унгурида қум уюмлари топилади. Бу қум оқимларидан экинзорлару пахтазорлар омон қоляпти дейсизми? Асло, бу бора-бора ҳосилдорликка зарар етказиши, ерларни сувга бўлган талабини ошириши муқаррар. Иш шундай давом этаверса, бир кун келиб пахта далалари-ю, аҳоли томорқаларини бу миллионлаб тонна қум зарраларидан тозалашнинг мутлақо имкони қолмайди.

Туман марказларида ҳам ўтин ортган уловларни учратиш мумкин. Ўтинчиларнинг айтишича, яқин 40-50 км. атрофликда ўтинга ярайдиган саксовуллар қолмаяпти. “Агар, Қандим газининг арзимас бир қисми шу шаҳарнинг ўзига берилганида ҳам бу муаммонинг олди олинган, саксовулзорлару, юлғунзорлар қайта тикланишига имкон яратилган бўлар эди. Ва оқибатда бир жиҳатидан ҳосилдорлик сақланиб қолинса, яна бир яхши томони тоза ҳаво муаммоси ҳал қилинарди. Бир вақтлар юзага келган муаммони Аму-Қоракўл каналини ишга тушириш билан ҳал қилганларидек, бу муаммога ҳам бирор ижобий ечим топишларини тегишли мутасаддилардан бутун туманимиз аҳолиси номидан сўраб қоламиз...

Умид Холлиев, ўқитувчи, Қоракўл тумани
ЎзА


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!