Саакашвили қамоқхона касалхонасига ўтишдан бош тортди

 Саакашвили қамоқхона касалхонасига ўтишдан бош тортди

Украина Олий Радасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсмани Людмила Денисова Грузиянинг собиқ президенти, ҳибсдаги Михаил Саакашвили билан учрашганидан сўнг унинг қамоқхона касалхонасига кўчиб ўтишдан бош тортганини, чунки у ерни хавфсиз деб ҳисобламаслигини айтди

«У қамоқхонанинг колонияда жойлашган касалхонасига ўтмайди. Саакашвили у ерни ҳаёти учун хавфли деб ҳисоблайди», — деди Денисова ташрифдан сўнг журналистларга.

Унинг сўзларига кўра, бугун-эрта украиналик шифокор сиёсатчини кўрикдан ўтказиш учун қамоқхонага ташриф буюради. «Учрашувимиздан сўнг Саакашвили шифокор билан учрашади, шунинг учун биз ҳали таҳлил натижаларини билмаймиз, лекин бизда украиналик шифокор бор ва умид қиламанки, бугун ёки эртага эрталаб у ҳам Михаилни кўргани келади», — деди Денисова.

«Грузия Адлия вазирлигининг махсус жазони ижро этиш хизмати VivaMedi тиббиёт маркази билан махсус шартнома тузганини ҳисобга олган ҳолда, мен зарурат туғилганда олиб ўтиш ҳақида ариза бераман. Шундай зарурат бўлганда Саакашвили унга ёрдам кўрсатилиши учун ушбу хусусий марказга ўтказилади», — дея қўшимча қилди у.

Украина омбудсмани, шунингдек, Саакашвили Грузияда қон тўкилишига йўл қўймоқчи эмаслигини айтди. «У бугун ҳаёти сўроқ остида эканини, ўзини Путиннинг асири деб билишини ва энг муҳими, Украинага ёмонлик қилишга, Грузияда қон тўкилишига йўл қўймоқчи эмаслигини айтмоқда», — деди Денисова.

Грузияда ҳибсда сақланаётган Саакашвили норозилик сифатида 27 кундан бери ўзи эълон қилган очликни давом эттирмоқда, шу билан бирга у тиббий ёрдамни рад этмаяпти. Грузия Соғлиқни сақлаш вазирлиги номидан тузилган шифокорлар кенгаши Саакашвилининг соғлиғи ёмонлашган тақдирда уни кўп тармоқли клиникага ётқизишни тавсия қилди. Собиқ президентнинг адвокатлари уни одатда маҳбуслар даволаниш учун олиб кетиладиган VivaMedi хусусий клиникасига ўтказишни талаб қилмоқда.

Аввалроқ Грузия омбудсмани Нино Ломжария Саакашвилига қамоқхона шифохонаси мос келмаслигини айтганди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!