Рус мактаблари нега керак?

Рус мактаблари нега керак?

“Фақат халқ таълимигина ўлкани руҳан босиб олишга қодир, на қурол ва на қонунчилик бунинг уддасидан чиқолмайди, балки мактаб ва фақатгина мактаб буни уддалай олади”.(Фон Кауфман)
Эътибор беряпсизми, кейинги пайтларда аксарият ўзбекларимиз фарзандларини рус мактабларига беришни одат қилиб оляпти. Ота-оналар бу ҳаракатини икки важ билан асослайдилар: фарзанди рус тилини мукаммал ўрганиши ва сифатли таълим олиши (айримлар ўқитиш сифати ўзбек тилли мактабларда паст деб ҳисоблайди).
Аввало, рус тилини ўзбек тилли мактабга қатнаб ҳам ўрганса бўлади (шундоғам рус тилли мактабларда синф ичида ҳам кўпинча ўзбек тилида гаплашилади). Шундай ўзбек мактаблари борки, у ерни битирган болалар инглиз тили ва яна бошқа чет тилларида ҳам бемалол гаплаша олади;

Ота-оналар кўрсатадиган иккинчи сабаб ҳам ҳақиқатга унча тўғри келмайди: кейинги вақтларда фанлар бўйича жаҳон олимпиадаларида юқори ўринларни олиб келаётган ўзбекистонлик болаларнинг деярли ҳаммаси ўзбек мактаблардан чиқяпти.

Энди шу ерда мантиғимизни ёрдамга чақирамиз: аввалбошдан (шўролар давридан) ташкил этила бошланган русийзабон мактаблар – аслида Ўзбекистондаги ўзбек тилини билмайдиган, она тилиси рус тили ҳисобланган рус ва бошқа ўзбек бўлмаган миллат фарзандларини ўқитиш учун ташкил қилинган мактаблардир. Яъни рус мактаблар аслида русийзабон болалар учун. Шунга эътибор бериш керак.

Энди мақсадга кўчсак: ҳар қандай тил ўзи билан маданият ташиш хусусиятига эга. Ўзбек мактабда ўқиётган ўзбек болалари билан рус мактабда ўқийдиган ўзбек болалари ўртасида яхшигина тафовут, ҳам ижобий, ҳам салбий фарқлар бор. Ижобий томонлари барчага маълум: рус тилини ўрганиши, “честный” бўлиши ва ҳ.к.

Биз эса фақат салбий жиҳатлари ҳақида гапирамиз. Бизга Навоий, Бобур, Қодирий ва Фитратларни биладиган, билиб ҳам, уларни ҳис қиладиган ўзбекистонликлар керак. Русийзабон мактабда таҳсил олувчи исталган болани телевизор қаршисига ўтирғизиб, уни “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи”ни кўришга мажбурлангчи, у ўзида шу кўрсатувни кўришга тоқат топа олармикан?! Тоқат қилолмайди: ўзбек адабий тилини тушинмаслиги бир ёнга бўлса, диалоглардаги шарқона характерга хос нозик тушунчаларни мактабда рус тили орқали ололмаганлиги бир ёнга бўлади. Яъниким, тарихий ўзбек қадриятларига хос нозик тушунчаларни бошқа тил етказиб бера олмайди. Бу ерда хорижий тилнинг айби йўқ, бу ерда ўзбек тилининг мавқеи баландлиги – асосий сабаб.

Ҳали хулоса қилишга шошилманг: мактаб қандай қудратли кучга эга эканлигини мақоланинг кейинги қисмида тарихий далиллар орқали билиб оламиз.

Манба: "Илдиз" телеграм канали


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!