Россия Донецк мудофаасини ёриб ўтди. Асосий шаҳар хавф остида
Украинанинг Донецк вилояти Часов Ярида Украина Қуролли кучлари мудофаасини ёриб ўтиб, россияликлар шаҳар жанубидаги каналдан 2,5 км ғарброққа киришди, деб хабар берди Bild ҳарбий таҳлилчиси Юлиан Рёпке Х ижтимоий тармоғида.
"Беш ойлик шиддатли жанглардан сўнг Россия армияси Часов Ярдан жанубда (Украина мудофааси учун стратегик муҳим шаҳар, босиб олинган Бахмут яқинида жойлашган - таҳр.) Украина фронтини ёриб ўтди ва каналдан 2,5 км узоқликда жойлашган саноат биносига ўз байроғини ўрнатди. Бинога чиқиб, плацдармни тайёрлаётган рус аскарлари кўринди," - дейилади унинг хабарида.
Шаҳардаги вазият ҳақида The Wall Street Journal газетаси ҳам ёзган. Нашр воқеа жойида украиналик ҳарбийлар билан суҳбатлашиб, УҚКнинг Часов Ярдаги позициялари заифлаша бошлагани ҳақида хабар берди.
"Битта хатога йўл қўйилса, Часов Яр саноқли кунларда қулаши мумкин," - деди рота командири Ростислав Касяненко.
Бу юриш "Россиянинг шаҳарни босиб олиш йўлидаги муҳим қадамини англатиши мумкин." Часов Ярнинг йўқотилиши эса, Покровский билан бир қаторда, "Москванинг Донетск вилоятини эгаллашга уринишларида асосий ҳисобланади."
Таҳлилчиларнинг фикрича, россияликлар барглар тўкилишидан олдин, қўшинларни ҳаётий муҳим пана жойлардан маҳрум қилиш ва қишки ёмғирлар ҳамда лой бошлангунича, иккала шаҳарни ҳам эгаллаб олишни мақсад қилишмоқда.