Сурхондарёда келинига шилқимлик қилган қайнота 5 суткага қамалди
2024 йил 18 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман судида МЖтКнинг 41-1-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар ҳолати юзасидан тўпланган маъмурий иш кўриб чиқилди.
Унга кўра, жорий йилнинг 27 августь куни соат 06:30 атрофида Х.М.(эркак) Жарқўрғон туманида жойлашган яшаш уйида келини Х.Х.ни билагидан ушлаб, унга тегажоғлик қилиб шаҳвоний шилқимлик қилган.
Судда сўралган ҳуқуқбузар Х.М. айбига иқрорлик билдириб, 2024 йил 27 августь куни соат 06:30 атрофида у аёлининг меҳмондорчиликка кетганлигидан фойдаланиб, келини Х.Х.га шилқимлик қилганлигини, у Х.Х.ни синамоқчи бўлганлигини, у қилган ишидан пушаймонлигини, бу ҳолат бошқа такрорланмаслигига ваъда беришлигини, суддан ўзига нисбатан енгиллик беришни сўраб кўрсатув берган.
Судда сўралган жабрланувчи Х.Х. ўз кўрсатувида, қайнотаси Х.М. қўлидан ушлаб унга шилқимлик қилганлигини, ўша вақтда уйда ҳеч ким бўлмаганлигини, у Х.М.га яна шу қилиғингизни бошладингизми деб айтганлигини, бу ҳолат Х.М. томонидан биринчи марта содир бўлмаётганлигини, илгари ҳам Х.М. унга шилқимлик қилганлигини, қайнонаси Г. меҳмондорчиликка кетса Х.М. шилқимлик килиб бошлашлигини, у Х.М.ни кечирмаслигини ва суддан Х.М.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраб кўрсатув берган.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи Х.М. МЖтКнинг 41-1-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилди ва унга шу модда билан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.