Қорақалпоғистонда туризмни ривожлантириш бўйича давлат ва бизнес биргаликда ҳаракат қилмоқда
Мамлакатимизда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида туризмни иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бирига айлантириш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Давлат раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда туризм соҳасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар, соҳага инвестицияларни жалб этиш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ҳамда норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш мақсадида жорий йилнинг 27–28 январь кунлари Қорақалпоғистон Республикасида туризм йўналишида амалга оширилаётган ва истиқболли лойиҳалар билан танишиб, ҳудудда фаолият юритаётган туризм соҳаси вакиллари билан учрашув ўтказди.
Иқтисодиёт ва молия, Транспорт, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликлари, Маданий мерос агентлиги, Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари вакилларидан ташкил топган жойларда туризм соҳаси вакиллари билан учрашувлар ўтказиш ва янги лойиҳаларнинг манзилли режасини шакллантириш, шунингдек, улар асосида ҳудудий чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш бўйича республика ишчи гуруҳи иштирокида очиқ мулоқот тарзида ўтказилган тадбирда 50 дан ортиқ тадбиркорлар, туроператорлар, гидлар, турагентлар, ҳунармандлар, транспорт, ресторанлар, меҳмонхоналар, маданий мерос объектлари ва музейлар вакиллари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирок этди. Йиғилганлар ҳудудда туризмни ривожлантириш, мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш ҳамда хизматлар сифатини ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Қўмита раиси А. Аққулов томонидан Қорақалпоғистон Республикасида 2025 йилда амалга оширилган ишлар ва 2026 йилга қўйилган режалар юзасидан ўтказилган тақдимотда ҳудудда экологик, маданий ва этнотуризмни ривожлантириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири экани таъкидланди, ушбу йўналишларда янги лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратилаётгани қайд этилди.
Учрашувда иштирок этган туризм соҳаси вакиллари давлат томонидан берилаётган имтиёзлар, субсидиялар ва грант дастурлари соҳанинг барқарор ривожига хизмат қилаётганини таъкидладилар. Шу билан бирга, маҳаллий тадбиркорлар томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар туризм соҳасида давлат ва хусусий сектор ўртасидаги шерикликни янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Мулоқот якунида туризм соҳасида давлат сиёсатини ҳудудлар кесимида самарали амалга ошириш, Қорақалпоғистон Республикасининг туристик имижини халқаро майдонда тарғиб этиш ҳамда аҳолининг турмуш даражасини оширишга хизмат қиладиган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди. Бундай учрашувлар соҳа вакиллари учун муҳим мулоқот майдони бўлиб, Қорақалпоғистон Республикасида туризм салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга хизмат қилиши қайд этилди.
