Дунёдаги энг кучли армиялар рейтинги эълон қилинди. Ўзбекистон нечанчи ўринда?
Ўзбекистон армияси ҳарбий салоҳият бўйича 145 та давлат орасида 53-ўринда қайд этилди
Global Firepower Index’нинг янгиланган рейтингида ҳарбий салоҳияти дунё бўйича энг юқори баҳоланган давлатлар Топ-10 талигидан АҚШ, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Франция, Япония, Буюк Британия, Туркия ва Италия жой олган.
Рўйхатнинг энг қуйи поғонасидан Бутан, Белиз, Марказий Африка Республикаси каби мамлакатлар ўрин олган.
Рейтингга кўра, Марказий Осиё давлатлари орасида Ўзбекистон армияси ҳарбий салоҳият бўйича биринчи ўринни эгаллаган. Чегарадош мамлакатлар: Қозоғистон 58-ўрин, Туркманистон 78-ўрин, Тожикистон 100-ўрин, Қирғизистон 109-ўрин, Афғонистон эса 121-ўринда қайд этилган.
Собиқ СССР давлатлари орасида Ўзбекистон учинчи ўринни эгаллаб, фақатгина Россия (2-ўрин) ва Украина (20-ўрин) армияларидан ортда қолди.
Мутахассислар қуролли кучларни олтмишдан ортиқ параметрлар бўйича баҳолаган. Уларнинг асосийлари қаторида мудофаага маблағ сарфланиши даражаси, техник таъминот, армия сони, танклар, кемалар, самолётлар ва бошқа ҳарбий техникаларнинг миқдори, нефт маҳсулотлари мавжудлиги, давлатнинг географик хусусиятлари, ишлаб чиқариш ва баъзи ресурслар истеъмоли, логистик имкониятлар каби мезонлар ҳисобга олинган.
