CSIS: Урушда 325 минг рус, 140 минг украин ҳарбийлари ҳалок бўлган
АҚШдаги нуфузли таҳлил маркази – CSIS (Center for Strategic and International Studies) Россия ва Украина ўртасидаги урушда ҳар икки томон кўрган йўқотишлар бўйича ҳисобот эълон қилди.
CSIS баҳолашига кўра, 2022 йил февраль ойида бошланган тўлиқ кўламли босқиндан буён Россия Қуролли кучлари жами 1,2 миллион нафаргача ҳарбийни йўқотган. Шулардан 325 минг нафарга яқини ҳалок бўлган.
Бу кўрсаткичлар Россия ҳарбий йўқотишлари бўйича очиқ манбаларга таянган ҳолда ҳисоб-китоб олиб бораётган бир қанча манбалар маълумотларига яқин. Уларнинг баҳолашича, Россия томонидан ҳалок бўлганлар сони 254,8 мингдан 368,1 минг нафаргача бўлиши мумкин. Бироқ бу рақамларга Донецк ва Луганск қуролли тузилмалари сафида Украинага қарши жангларда ҳалок бўлганлар ҳам киритилса, умумий йўқотишлар сони янада ортади.
CSIS ҳисоботида яраланганлар сонини аниқлаш анча қийин экани таъкидланади. Сабаб – яраланиш ҳолатлари ОАВда кам ёритилади, шунингдек, кўплаб яраланган ҳарбийлар даволанганидан сўнг яна фронтга қайтиб, такроран жароҳат олишмоқда.
«Иккинчи жаҳон урушидан кейин ҳеч бир етакчи давлат бундай даражада катта йўқотишларга дуч келмаган», – дейилади CSIS ҳисоботида Россия йўқотишлари ҳақида.
Украина томонидан эса, таҳлил маркази ҳисоботига кўра, урушда Украина Қуролли кучлари 500–600 минг нафаргача ҳарбийни йўқотган бўлиши мумкин. Шулардан 100–140 минг нафари ҳалок бўлган деб баҳоланмоқда.
Ўз навбатида, CSIS ҳисоботига Кремль муносабат билдириб, рақамларга шубҳа билан ёндашишини маълум қилди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ушбу маълумотларни ишончли деб ҳисобламаслик кераклигини айтди.
«Бундай ҳисоботларни ишончли маълумот сифатида қабул қилиш мумкин эмас. Йўқотишлар ҳақида ахборот бериш ваколати фақат Россия Мудофаа вазирлигига тегишли», – деган Песков.
Айни пайтда Россия Мудофаа вазирлиги уруш давомидаги йўқотишлар бўйича расмий рақамларни эълон қилмай келмоқда.
