Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Навоий вилоятларида имтиёзли нархларда сотиш учун ажратилган кўмир талон-торож қилинди

Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабарига кўра, маҳкаманинг Урганч туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Кўмир таъминот” МЧЖнинг Урганч кўмир омбори мудири М.Н. ва бошқалар аҳолига имтиёзли нархда кўмир етказиб берилгани тўғрисида сохта ҳужжатларни расмийлаштириб, 678,5 тонна кўмирни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Департаментнинг Нукус шаҳри, Тўрткўл, Амударё ва Қўнғирот туманлари бўлимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда эса “Кўмир таъминот” МЧЖнинг юқоридаги шаҳар ва туман омборхонаси масъул шахслари аҳолига имтиёзли нархларда сотиш учун ажратилган жами 435,5 тонна кўмирни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани маълум бўлган.
Шу каби, департаментнинг Навоий вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Кўмир таъминот” МЧЖнинг Қизилтепа кўмир омбори масъул шахслари 156,3 тонна кўмирни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.