Қандай об-ҳаво коронавирус тарқалишига йўл қўймайди?

Қандай об-ҳаво коронавирус тарқалишига йўл қўймайди?

Муайян об-ҳаво — қишдаги қуруқ совуқ ва ёздаги иссиқ, қуёшли ҳаво — COVID-19 тарқалишини секинлаштиради. Бу ҳақда АҚШнинг Виржиния штати Жорж Мэйсон Университетининг Тизимли биология мактаби профессори Анча Баранованинг маълумотига таяниб «РИА Новости» хабар берди.

Профессор, шунингдек, карантин чекловларини об-ҳаво шароитига мувофиқ равишда белгилаш мумкин деган фикрни илгари сурмоқда.

У бундай гипотезани «Суюқликлар физикаси» журналида чоп этилган дунёнинг уч шаҳрида коронавирус тарқалишининг илмий моделига асосланиб илгари сурди.

«Мазкур ишларга асосланиб, об-ҳаво даврий ўзгарадиган ҳар қандай шаҳарда вирус йилига икки марта ўз чўққисига чиқади, деб тахмин қилишимиз мумкин. Моделлаштиришнинг заиф томони шундаки, олимлар буни ҳали ўта совуқ ҳавода синаб кўрмаган, 20 даража совуқни ҳисобга олмаган. Энг ёмон об-ҳаво бу — нол даражадан сал юқори ва лойгарчилик шароити; қуёш кўпроқ қизитиб, очиқроқ бўлган ҳаво эса вирусни ўлдиришга ёрдам беради», — деди Баранова.

Биолог моделлаштириш Нью-Йорк, Париж ва Буэнос-Айрес шаҳарлари учун амалга оширилганини қўшимча қилди.

«Ушбу модель маҳаллий об-ҳаво шароити, локдаун ёки бошқа чеклов чораларини киритиш тўғрисидаги маълумотларга асосланган эди. Биз уч хил об-ҳаво омили — ҳарорат, намлик ва шамолни кўриб чиқдик. Улар орасида шамол катта рол ўйнайди. Кучли шамол, айниқса, намлик паст бўлганда томчиларни қуритиб, вирусни ‘учириб юборади’, илиқ, нам, тинч об-ҳаво эса вируснинг яшаб қолишига ёрдам беради. Бироқ енгил шабада тинч об-ҳаводан ҳам ёмонроқ. Бундай шабада вирусни 2-3 метрга олиб боради ва касаллик юқтирувчилар сонини оширади», — дея давом этди биолог.

Унинг таъкидлашича, турли шаҳарларда шу каби моделлар вирус тарқалиши учун қулай об-ҳаво шароитида қисқа муддатли чеклов чораларини кўриш имконини беради. Бундай об-ҳаво прогнози аввалдан эълон қилинса, шаҳар аҳолиси вазиятга тайёр туриши, жумладан, ишни уйга кўчириш, учрашувларни Zoom орқали ўтказиш ва уйда қолиш чораларини кўриши мумкин бўлади.

Аввалроқ олимлар иқлим ўзгариши ва COVID-19 келиб чиқиши ўртасидаги боғлиқликни аниқлаган эди. Унга кўра, иқлим ўзгариши натижасида маълум бир минтақада кўршапалак турлари сонининг кўпайиши ўша ерда зарарли коронавируснинг пайдо бўлиш, ёйилиш ёки ривожланиш эҳтимолини ошириши мумкин.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!