Прокурорнинг суд иш юритувида иштироки ва уни такомиллаштириш масалалари

Прокурорнинг суд иш юритувида иштироки ва уни такомиллаштириш масалалари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги ПФ-6034-сонли «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ қайта кўриб чиқилишига хизмат қилади.

Хорижда прокуратура органлари модели қандай?

Хориж тажрибасини ўрганиш Европа давлатларида прокуратура органларининг иккита асосий модели шаклланганлигини намоён этади. Бунда прокуратуранинг у ёки бу модел доирасига кириши давлатнинг ҳуқуқий тизими ва давлат механизми тузилиши билан аниқланади. Биринчи ҳолатда, прокуратура органлари, авваламбор, жиноий таъқиб ва айблов идораси ҳисобланса, иккинчисида у қонунчилик устидан назорат органи саналади. Биринчи модель прокуратура органларида «умумий назорат» (яъни, қонунчилик ижроси устидан назорат) функциясини тугатишни кўзда тутади. Озарбайжон, Арманистон, Грузия ва Молдова давлатларида прокуратура органлари фаолияти биринчи модель доирасига кирганлиги сабабли, уларда «умумий назорат» функцияси мавжуд эмас. Россия, Беларуссия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон прокуратура органларида қонунлар ижроси устидан назорат функцияси бирламчи ҳисобланади.

Шундай қилиб, Ғарб давлатларида прокуратура айблов органи сифатида фаолият кўрсатиши, «умумий назорат»ни амалга оширмайди, аксарият мамлакатларда прокуратура мустақил тизим эмас, балки суд ёки ижро ҳокимиятининг таркибий қисми сифатида кўрилади. Жумладан, прокуратура органлари ижро ҳокимияти (АҚШ, Эстония ва ҳ.к.) ва суд ҳокимияти (Испания, Латвия, Грузия ва ҳ.к.) тизимида фаолият кўрсатиб келмоқда.

Хусусан, Францияда прокуратура судлар таркибида бўлиб, унинг фаолиятига Адлия вазири раҳбарлик қилади. Италия прокуратураси (улар ҳам судлар таркибида фаолият кўрсатади) одил судлов, давлат ҳуқуқлари, юридик шахслар, муомалага лаёқатсизларга доир қонунчилик ижроси устидан назоратни амалга оширади.

Германияда прокуратура органларининг фаолияти ўзига хос бўлиб, прокуратура полиция хизмати иштирокида айрим жиноят ишларини тергов қилади, айни пайтда, ушбу орган судлар таркибида фаолият юритади. Англия ва Уэлсда давлат айбловчилари хизмати жорий қилинган бўлиб, уларнинг асосий функцияси - полиция томонидан тергов қилинган жиноят ишлари бўйича судларда давлат айбловини қувватлашдан иборатдир. АҚШ прокуратураси фаолияти эса кўпроқ жиноятчиликка қарши кураш ва унинг олдини олишга қаратилган.

Умуман олганда, Ғарб давлатларининг аксариятида прокуратура органлари судларда жиноят ва фуқаролик ишлари кўрилишида иштирок этиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, жиноят қонунчилиги соҳасидаги давлат сиёсатини ишлаб чиқиш жараёнида муҳим роль ўйнайди.

Ғарб давлатларидан фарқли тарзда, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо аксарият мамлакатларда (Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон) қонунлар ижроси устидан прокурор назорати функцияси сақланиб қолинган.

Суднинг чинакам мустақиллигига нима тўсқинлик қилади?

Мамлакатимизда судларнинг мустақиллиги, тергов ва прокуратура органлари ва бошқа таъсирлардан холилиги уларнинг ҳокимиятнинг алоҳида бўғини сифатида мавқеини оширишга хизмат қилади. Афсуски, ҳозирда суднинг чинакам мустақиллигини, тарафларнинг судда тортишувчанлик ва тенглиги тамойилини тўлиқ таъминлашга тўсқинлик қилувчи қуйидаги салбий омиллар сақланиб қолмоқда.

Биринчидан, қонунчиликда прокурор судда айбловдан воз кечган тақдирда судья қандай қарор қабул қилиши кераклиги белгиланмаган. Натижада, охирги 3 йил давомида прокурорлар томонидан бирон маротаба ҳам айбловдан воз кечилмаган.

Иккинчидан, прокурор иштироки шарт бўлмаган фуқаролар ёки тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ишлар кўрилишида танлов асосида қатнашиб, тарафлар ёки судга босим ўтказиши мумкинлиги истисно этилмайди.

Учинчидан, прокурор томонидан суддан ишни ўз ташаббуси билан чақириб олиниши тарафларнинг тенглиги тамойили бузилишига ва турли суиистеъмолликларга олиб келиши мумкин. Прокурор томонидан суддан ишни ўз ташаббуси билан чақириб олиниши эса тарафларнинг тенглиги тамойили бузилишига ва турли суиистеъмолчиликларга олиб келиши тайин.

Шунга биноан, прокурорнинг судда иш кўрилиши жараёнида иштирок этиш тартибини илғор халқаро стандартларга мослаштириш зарурати мавжуд.

Фармон билан прокурор ваколатлари ўзгардими?

Президентнинг 2020 йил 24 июлдаги Фармони асосида прокурорнинг қатор ваколатларига илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларга мослаштирилган ҳолда ўзгартишлар киритилиши белгиланди. Жумладан, давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш, тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина прокурор томонидан суддан ишларни чақириб олиш, бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш назарда тутилмоқда. Бундай қоидаларнинг киритилиши албатта суднинг мустақиллигини, тарафларнинг судда тортишувчанлик ва тенглиги тамойилини амалда таъминлашга хизмат қилади.

Шу билан бирга ҳозирга қадар суд томонидан тегишли қарор қабул қилиб бўлинган суд ишларини прокурор томонидан ўз ташаббусига кўра чақириб олиб ўрганиш амалиёти мавжуд эди. Масалан, агар прокурор бирор судьянинг аниқ битта иш бўйича ҳукмидан норози бўлса, мазкур судья томонидан барча (100, 200, 400та) жиноят ишларини чақириб олиши ва ўрганиб чиқиб (тирноқ остидан кир қидириб) протест киритиш ваколатига эга эди. Бу эса қайсидир маънода тарафлар мурожаати бўлмай туриб суд ҳужжатини ўрганилиши, яъни суд устидан назорат маъносини ҳам англатар ва турли халқаро ва миллий мутахассис-олимларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлар эди.

Фармон билан прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш тизими жорий қилинмоқда. Бу эса прокурор ваколатини маълум маънода қисқариши, прокурорнинг ўз ташаббусига кўра суд ишларини ўрганиш амалиётига барҳам беради.

Фармон билан фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурорнинг судда иштироки ҳам камайтириш хусусида қарор қабул қилинган. Зеро аксарият ривожланган давлатлар (Германия, Франция, АҚШ ва бошқа)да прокурорнинг фуқаролик, иқтисодий ишлар ва, ҳаттоки маъмурий низолар кўрилишида судда иштироки айрим истисноли ҳоллардан ташқари умуман мавжуд эмас. Мазкур ривожланган хорижий давлатларда прокурор асосан жиноят ишлари юзасидан судда иштирок этиши ва дастлабки терговни мувофиқлаштириши назарда тутилган.

Бунда қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш назарда тутилган. Масалан, иккита фуқаро ёки иккита тадбиркор ўртасида шартномавий ҳуқуқий масалада низо юзага келди. Бу соф ҳолда хусусий-ҳуқуқий муносабат бўлиб, ишда прокурорнинг иштироки аслини олганда умуман кераксиз. Чунки прокурор қайсидир тарафнинг фойдасига фикр билдириши унинг холислигига, ўз навбатида, қарши тарафнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлса, прокурорнинг қонун ҳимоячиси сифатида икки тарафга ҳам ён босмай фақат қонун ҳимоясида туриши эса қайсидир маънода судьянинг ролини бажаришига ўхшаб қолар эди.

Шунинг учун ҳам Фармон билан фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурорнинг судда иштирокининг қисқартирилиши хусусий-ҳуқуқий муносабатлар доирасидаги низоларнинг тарафлар ўртасида, прокурор аралашувисиз, ўзаро ҳал қилиниши имкониятларини ҳам кенгайтиради.

Шу билан бирга судлар фаолиятида ҳанузгача бюрократик тўсиқлар сақланиб қолаётганлиги, суд қарорларини қайта кўришдаги бир-бирини такрорловчи босқичлар мавжудлиги, тортишув принципининг етарлича таъминланмаётганлиги, инвесторлар ҳуқуқларининг суд ҳимоясида бўлиши қониқарли даражада эмаслиги, прокурорларнинг суддаги иштирокида баъзи ваколатларнинг сақланиб қолганлиги суд тўғрисидаги қонунчиликни замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқлаштиришни талаб этмоқда.

Шунга кўра, Фармон билан суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилади, яъни Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқи 2021 йил 1 январидан бекор қилинади. Бу эса судда ҳар бир иш бўйича якуний тўхтамга келиш ҳамда тарафларнинг сарсон бўлишининг олдини олишга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, жорий этилаётган тартиб суднинг чинакам мустақиллигини, тарафларнинг судда тортишувчанлик ва тенглиги тамойилини мустаҳкамлашга, прокуратура ва суд орасидаги муносабатларни халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга ҳамда жиноят процесси иштирокчилари ваколатларининг ўзаро мувозанатини таъминлашга хизмат қилади.

Дарҳақиқат суд – одил судловни амалга оширадиган, адолатни қарор топтириши шарт бўлган тизим бўлиб, Конституцияда белгиланган “Инсон ҳуқуқлари олий қадрият” тамойилини амалда рўёбга чиқарилишига хизмат қилиши шарт. Инсон ҳуқуқларининг амалда таъминланиши, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза қилиниши ва бузилган ҳуқуқларининг тикланиши бевосита суд ҳокимиятининг мустақиллиги, адолатли ва холис қарор қабул қилиши билан баҳоланади.

Давлатимиз раҳбари бежиз, - “Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак. Бу Президент талаби!”, деб таъкидламаган ва шу орқали суд зиммасига юклатилган масъулиятнинг нечоғли юксаклигини яна бир бор эслатиб ўтганди.

Бир сўз билан айтганда, суд тизими, судьялар фаолиятини яхшилаш бўйича долзарб ва аниқ вазифалар қўйилди. Булар тўлақонли амалга ошса, судлар чинакам адолат идораларига айланади.

Шу жиҳатдан Президентимиз томонидан 2020 йилнинг 24 июлда қабул қилинган «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармон юқорида тилга олинган муаммоларни ҳал этишга хизмат қиладиган тарихий ҳужжатдир.

Таджибаева Альбина Юлдашбаевна,

Тошкент давлат юридик университети

Жиноят ҳуқуқи ва криминология

кафедраси доцент в.б., ю.ф.н.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!