Польшада янги Ўзбекистонга бағишланган махсус журнал чоп этилди

Польшада янги Ўзбекистонга бағишланган махсус журнал чоп этилди

Варшавада Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган «Янги Ўзбекистон: бизнес-фаолият маркази, ноёб маданият ва жаҳон туризми» номли махсус журнал чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

80 саҳифадан иборат мазкур нашр Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси томонидан «REA» нашриёти ва «Drukarnia Skleniarz» матбаа концернининг техник кўмагида дунё юзини кўрди. Қайд этиш жоизки, 2016 йилдан буён ҳар йили Ўзбекистон ҳақидаги нашр чоп этилади.

Журналнинг кириш қисмида Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга  Мурожаатномасидан иқтибос келтирилган, у 2021 йилга мўлжалланган давлат ҳаракат дастури ҳисобланадиган мазкур муҳим ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини очиб берган.

Нашрнинг биринчи қисмида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси амалга оширилишининг мазмун-моҳияти ҳақидаги материаллар ўрин олган. Нашрдаги 17 та махсус бўлим иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш, энергетика, банк, молиявий ва ижтимоий соҳалар, пенсия таъминоти, камбағалликни қисқартириш, сайёҳликни ривожлантириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат, экология ва табиатни муҳофаза қилиш сингари энг муҳим йўналишларни қамраб олган.

Иккинчи қисм «Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш» деб номланган. Унда давлатнинг сиёсий тизими ва ижтимоий тузилиши, қонун устуворлигини таъминлаш соҳасидаги энг муҳим ютуқлар баён этилган. 12 бўлимдан иборат ушбу қисмда  тараққиётнинг муҳим омили сифатида парламент назорати, янги Ўзбекистон сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар, Ўзбекистон Президенти сайлови санасини 2021 йил декабрдан октябрь ойига кўчириш сабаблари, давлат маъмурий тизимини такомиллаштириш, ижтимоий хизматлар янги шаклларининг афзалликлари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳимоя қилишда маҳалланинг ўрни, ёшлар сиёсатининг моҳияти ҳақидаги атрофлича маълумотлар ўз ифодасини топган.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ҳамда жадал ривожланишини таъминлаш, мамлакатни модернизациялаш ва ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш, камбағалликни қисқартириш ва мамлакатда пандемия оқибатларини бартараф этиш бўйича устувор йўналишларни амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш борасида Ўзбекистон эришаётган ютуқлар ҳам ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган.

Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича ислоҳотлар кенг ёритилган учинчи қисмда эса давлатимиз раҳбарининг БМТ Инсон ҳуқуқлари Кенгашининг 46-сессиясидаги нутқи чоп этилган. Шунингдек, ушбу бўлимда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги янги ташаббуслари ҳам ўз аксини топгани баробарида Ўзбекистоннинг БМТ билан ҳамкорлигидаги янги йўналишлар, давлат раҳбари томонидан 2020 йил 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75 йиллик юбилей сессиясида билдирган глобал ташаббусларнинг мазмун-моҳияти ҳам очиб берилган.

Журналда коррупция ва бошқа салбий ҳодисаларга қарши кураш масалаларига алоҳида ўрин ажратилган. Бу мавзудаги материалларда янги Ўзбекистоннинг энг муҳим моҳияти ва қонунларнинг етакчи кучи давлат ва жамият тараққиёти ва фаровонлигининг калити эканлиги алоҳида таъкидланган.

«Иқтисодиётни ривожлантириш ва эркинлаштириш» номли тўртинчи бўлимда Ўзбекистоннинг иқтисодий, инвестициявий, илмий ва инновацион, транспорт-коммуникация, энергетика, банк-молия, агросаноат салоҳияти батафсил таҳлил этилган. Унда янги Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ривожланиш динамикасидаги асосий ўзгаришлар, иқтисодиётда давлат иштирокини чеклаш ва хусусий сектор, банк ислоҳотлари, янги транспорт ва логистика стратегияси роли ва унинг аҳамиятини ошириш муҳимлиги, халқаро транспорт йўлаклари қурилишида Ўзбекистон иштироки, шу жумладан, Марказий Осиёда транзит имкониятлардан фойдаланиш ва бошқа муҳим мавзулар қамраб олинган.

Журналнинг бешинчи бўлимида ижтимоий соҳани ривожлантириш ва «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йили» давлат дастурини амалга ошириш, узлуксиз таълим, болалар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизлар ҳуқуқларини мустаҳкамлаш сингари муҳим мавзулар ёритилган. Хусусан, коронавирус пандемияси даврида соғлиқни сақлаш ва спортни ривожлантириш, аҳолини, жамиятнинг заиф қатламларини, қарияларни ҳар томонлама  ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш чора-тадбирлари тўла баён этилган.

Олтинчи бўлимда хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари, БМТ, Европа Иттифоқи, МДҲ ва ШҲТ билан ҳамкорлик, ЖСТ ва ЕОИИ билан ҳамкорлик истиқболларига алоҳида ўрин берилган бўлиб, халқаро ташкилотлар билан алоқалар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани алоҳида таъкидланади.

Махсус бўлимлар Ўзбекистон ташқи сиёсатининг янги модели, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлаш ва Афғонистон муаммосини ҳал этиш борасидаги стратегик ёндашувлари, мамлакатнинг Афғонистон иқтисодиётини қайта қуриш, транспорт, логистика ва энергетика тизимларини ривожлантиришга қўшган ҳиссасига бағишланган.

Журналда Ўзбекистон-Польша ҳамкорлигининг сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ривожланиши, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар тарихига алоҳида эътибор қаратилган.

VII бўлим Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш, мамлакатда туризм инфратузилмасини такомиллаштириш, асосий сайёҳлик йўналишлари ва турлари ҳақидаги мақолалардан иборат. Уларда Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Қарши, Қўқон ва бошқа шаҳарлардаги қатор сайёҳлик масканлари, шунингдек, ички ва халқаро туризм инфратузилмаси ҳақидаги маълумот батафсил ёритилган. Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштираётган сайёҳлар қаерларга бориши, нималарни билиши зарурлиги бўйича маълумотлар ҳам тақдим этилган.

Нашрда, шунингдек, ўзбек ошхонасининг турли таомлари ҳақидаги маълумотлар ва уларни тайёрлаш йўриқномалари ҳам журналхонларнинг эътиборига ҳавола қилинган.

Журнал 2 минг ададда чоп этилди. Нашр сиёсат, жамоатчилик, академик, бизнес, журналистика доиралари ҳамда Польшадаги 400 дан ортиқ сайёҳлик компаниялари ўртасида тарқатилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!