Пенсия таъминотидаги ўзгаришлар аҳолига қулайлик яратади

Пенсия таъминотидаги ўзгаришлар аҳолига қулайлик яратади

Ҳар куни иш юзасидан ёки бир қатор турмуш ташвишлари бўйича кўплаб одамлар билан учрашамиз,улар билан суҳбатлашамиз, билганимизни тушунтиришга ҳаракат қиламиз, баъзида аксинча, тушунча оламиз. Мен ишлаётган идорага келувчиларнинг аксарияти пенсия ва нафақалар ҳақида, бу соҳадаги ўзгариш ва янгиликларни сўрашади. Аслида бундай янгиликлар билан фуқароларнинг бир қисми соҳа мутахассисларидан аввалроқ танишиб ҳам олишади. Чунки, ижтимоий тармоқлардан бугун исталган саволингизга жавоб топишингиз мумкин.

Қабулимга келганлардан бирига шу ҳақда гапирсам, у “Тўғри, айтганингиздек интернетда ҳамма нарса бор. Аммо уларнинг барини тушуниб олишга, мағзини чақишга ҳар кимнинг ҳам ақли етавермас экан. Соҳа мутахассислари эса содда, аниқ гапириб беришади”, дейди.

Пенсия таъминотидаги ўзгаришлар аҳолига қулайлик яратади

Тўғри, матбуотда ёки ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган айрим ҳужжатлар оддий халқ тилида ёзилмайди, бунинг устига уларда расмиятчилик ҳоллари устувор. Айрим фуқароларимиз ҳарчанд уринишмасин, бундай чиқишларнинг мазмун-моҳиятини тўлиқ англаб олишолмайди. Айниқса кейинги пайтларда пенсия ва нафақаларни тайинлашда фуқароларга яратилаётган имкониятлар ҳақида сўровчилар кўпайди. Пенсияларни тайинлашда шахснинг иш ҳақи ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси билан қизиқувчилар ҳам тез-тез мурожаат қиладиган бўлди.

Аслида 2005 йилдан аввалги йилларда мамлакатимизда электрон база ташкил этилмаган. Шу сабаб ўша даврларда ишлаган фуқаронинг иш стажи биздаги қабул қилинган меъёрий ҳужжатларга асосан унинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида тасдиқланади. Бунинг учун қўшимча ҳужжатлар талаб этилмайди. Уч йил ва ундан аввал тайинланган қайта ҳисобланган пенсия ва нафақаларни текшириш ҳамда улар бўйича аниқланган ортиқча тўловни ундириш эса бекор қилинган.

Сўнгги йиллардаги ўзгаришлардан яна бири ишловчи фуқароларга ишламайдиган турмуш ўртоқларининг келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда уларга ҳар ойда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилганидир.

Унга кўра пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинланади, тижорат банклари филиалларида банк пластик карталарини очиш жараёнида ёки банк мобил иловалари орқали электрон шаклда расмийлаштирилади.

Айтиш мумкинки, пенсия ва нафақалар тайинлаш ҳамда уларни эгаларига етказиб беришда бир қатор ўзгаришлар бор. Уларнинг барчаси пенсионерлар ва нафақахўрлар ҳаловатини кўзлаб, уларга иложи бори қадар қулайликлар яратиб бериш иақсадида қилинаётган жиддий ҳаракатлардан далолат беради.

Фазлиддин ЖАББОРОВ,

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси

Каттақўрғон шаҳар бўлими бошлиғи.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!