Навоийда 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган шахс оқланди

Навоийда 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган шахс оқланди

2019 йил 27 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди кассация инстанцияси судлов ҳайъати очиқ суд мажлисида ЖК 210-моддаси 3-қисмининг “б” банди билан судланган В.Зокиров оид жиноят иши кўриб чиқилди.

Дастлаб, В.Зокиров жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят судининг 2011 йил 1 августдаги ҳукмига кўра Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси 3-қисмининг “б” банди билан 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.

Суднинг ҳукмига кўра, судланган В.Зокиров 2010 йилнинг июнь ойидан 2011 йилнинг март ойига қадар Қизилтепа туман ИИБ тергов бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келиб, масъул мансабдор шахс бўла туриб, эгаллаб турган мансаб мавқеидан ғараз мақсадларда фойдаланиш учун ҳаракат қилиб, ўзининг иш юритувидаги 2010 йил 30 ноябрда ЖК 25,273-моддасининг 5-қисми аломатлари билан қўзғатилган айбланувчи М.Рауповга нисбатан бўлган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатларини олиб бориш жараёнида М.Рауповнинг адвокати сифатида ишда иштирок этаётган Қизилтепа туманидаги “Беҳруз Диёр Навоий” адвокатлик бюроси адвокати С.Норқулова билан қонунсиз йўллар билан мулкий манфаат кўриш мақсадида бир гуруҳга бирлашиб, М.Раупов ва унинг қариндошларини М.Рауповга қўйилган айблов ўзининг моҳиятига кўра ўта оғир жиноятлар туркумига кириши сабабли, жиноят қонунчилиги бўйича қаттиқ жазоланиши орқали жисмоний ва руҳий азоб берилиши, инсон сифатида қадр-қиммати камситилиши ҳақида сохта тасаввур уйғотиб, уларда жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсга нисбатан қўлланиладиган жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси одилона бўлиши, яъни жиноятнинг оғир- енгиллигига, айбнинг ва шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига, айбланувчининг қилмишидан пушаймонлигига, ижтимоий адолат мезонларининг тикланишидаги фаол иштирокига мувофиқ бўлиши ҳақидаги тушунчаларнинг шаклланишига турли йўллар билан тўсқинлик қилиб, М.Раупов ва унинг яқин қариндошларини М.Рауповга муқаддам
ЖК 25,273-моддасининг 5-қисми билан эълон қилинган айбловни ЖК 276-моддасининг 2-қисмига қайта малакалаш орқали қисқа муддатда озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо тайинланишига эришиш эвазига тамагирлик йўли билан жами 6000 АҚШ доллари миқдоридаги маблағни пора тариқасида беришга қизиқтирган.

Судланган В.Зокиров айбланувчи М.Раупов ва унинг яқин қариндошларини ўзига нисбатан ишонч билдиришганлигидан фойдаланиб, уларнинг тасаввурида М.Рауповга нисбатан енгиллик беришнинг ягона йўли мансабдор шахсларга пора бериш каби ижтимоий хавфли тушунчанинг пайдо бўлганлигига ишонч ҳосил қилишиб, М.Рауповни ва у орқали унинг опаси Раупова Шоирани 6000 АҚШ доллари миқдоридаги маблағни пора тариқасида беришга кўндиргач, 2010 йил 30 ноябрь куни жиноий шериги С.Норқулова орқали айбланувчи М.Рауповнинг опаси Ш.Рауповадан жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман суди биносида
1600 АҚШ доллари, 2010 йил 2 декабрь куни С.Норқулова орқали М.Рауповнинг ўғли Т.Абдухакимовдан жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман суди биноси ёнида 2400 АҚШ доллари ва 2011 йил 5 январь куни С.Норқулова орқали Т.Абдухакимовдан жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман суди биносининг ёнида
2000 АҚШ доллари жами 6000 АҚШ долларини М.Рауповнинг айбини енгилроқ моддага қайта малакалаш ниқоби остида қонунга хилоф эканлигини билгани ҳолда пора тариқасида олишиб, қонунсиз йўллар билан қўлга киритишган пулнинг 3800 АҚШ долларини ўзига олиб, 2200 АҚШ долларини жиноий шериги С.Норқуловада қолдирган.

Мазкур ҳукм билан С.Норқулова ҳам судланган бўлиб, жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди кассация инстанциясининг 2018 йил 21 июндаги ажрими билан суд ҳукми С.Норқуловага тегишли қисми қонунга мувофиқлаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 24 августдаги “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 24-сонли Қарорининг 1-бандида суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан қонун нормаларини аниқ бажаришдан ва унга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, у қандай сабабга кўра юз берганлигидан қатъий назар, шу йўл билан олинган далилларнинг номақбул (яроқсиз) деб топилишига олиб келиши, мақбул бўлмаган далиллар юридик кучга эга бўлмай, улардан Жиноят-процессуал кодексининг 82-84-моддаларида назарда тутилган ҳолатларни исботлаш учун фойдаланиш ҳамда уларни айблов асосига қўйиш мумкин эмаслиги;

3-банди 6-кичик бандида, жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг суриштирувдаги, дастлабки терговдаги судда далиллар мажмуи билан ўз тасдиғини топмаган кўрсатувлари номақбул деб топишга асос бўлиши тушунтирилган.

Жиноят иши ҳужжатларидан кўринишича, В.Зокировнинг зиммасига қўйилган айблов фақатгина Ш.Раупова, С.Норқулова ва Т.Абдухакимовнинг  кўрсатувлари ҳамда В.Зокиров ва С.Норқуловаларнинг тергов ҳибсхонасида олинган иқрорлик кўрсатувларига асосланган.

В.Зокиров кассация инстанцияси судида, мазкур жиноятда айбланишининг сабаби МХХнинг ходимлари ундан 2010 йилда 2 нафар фуқароларни айблаб беришини сўрашганлиги, аммо у ушбу жиноят иши бўйича ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига кўра тугатганлиги, яна бир нафар МХХнинг аризачисини айблаб берганлиги, кейин МХХ ходимлари уни 2010 йил октябрь ойида йиғилишга чақириб, унга “Сен ИИБда энди бошқа ишлолмайсан, чунки сен айблаш лозим бўлган шахсларни оқладинг ҳамда бизнинг аризачини айблаб, фуқароларнинг бизга бўлган ишончини сўндирдинг, агар ишлашни хоҳласанг, биз билан ҳамкорликда 1 нафар прокурор ҳамда 1 нафар судъяни ушлаб берасан” деганлиги, аммо у МХХ ходимларининг таклифини рад қилганлиги ва ИИБда ишламаса, деҳқончилик билан шуғулланишини айтганлиги, кейин уни ҳақоратлаб хонадан чиқариб юборишганлиги, шундан сўнг орадан 3-4 ой ўтмасдан ушбу жиноят иши бошланиб кетганлиги, 2011 йил 10 март куни уни МХХ идорасига чақиришиб, устидан ариза тушганлигини айтишганлиги, у аризани кўрсатишни сўраганида, ҳеч нарсани кўрсата олишмаганлиги, чунки уларда ариза йўқ эканлиги, кейин уни МХХ кураторлари Мехрож ва Азим исмли шахслар чақиришиб, МХХ ҳодими Рахматуллаев Умидга уни сўроқ қилишини айтиб, ўзлари чиқиб кетишганлиги, вилоятда Азим суд йўналиши бўйича, Мехрож эса ИИО бўйича куратор эканлиги, эртаси куни яна чақиришганида соат 09:00 да борганлиги, кейин шу кун уни МХХнинг Бухоро шаҳридаги тергов ҳибсхонасига олиб боришганлиги, у ерда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилганлигини ва юзлаштириш тергов ҳаракати ўтказилишини айтишганлиги, ўша тергов ҳибсхонасида Ғайрат исмли МХХ ходими бўлиб, уларга ЖПКнинг талабларини бузаётганликларини айтганида, Ғайрат сакраб келиб уни тепганлиги ва унга “Сен ҳозир серкуляция бўласан, серкуляция нима эканлигини анавидан сўра” деб олиб келинган М.Рауповни кўрсатганлиги, кейин улар М.Рауповдан “шу одамми?” деб сўраганида М.Раупов буни инкор қилганидан сўнг, Мехрож ва Азимлар М.Рауповни тепкилаб кетишганлиги, ўша хонада бўлган копмьютерда кўрсатмаларни дарров ёзиб, қўл қўйдиришганлиги, уни уша ердан соат 15:00 атрофида олиб чиқишганлиги, шу билан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, ноҳақ айблашганлиги, унга нисбатан вилоят прокуратура ходими Ф.Усмонов тергов ҳаракатлари олиб борган бўлсада, аслида барча ишни МХХ ходимлари амалга оширганлиги, С.Норқулова билан уни юзлаштиришганида иккаласида ҳам адвокат бўлмаганлиги, жиноят ишида у М.Рауповга нисбатан тергов ҳаракатларини олиб бораётганида пул олганлиги ҳамда М.Рауповнинг оила аъзолари билан учрашганлиги ёзилган бўлиб, буларнинг барчаси ёлғон эканлиги, у ҳеч ким билан учрашмаганлиги ва пул ҳақида гаплар ҳам бўлмаганлиги, у С.Норқулова билан бирор бир марта телефон орқали гаплашмаганлиги, С.Норқулова унга М.Рауповнинг оила аъзолари томонидан берилган пулларни қайтариш ҳақидаги хати бу барчаси ёлғон маълумот бўлиб, агар ушбу ҳақидаги хат чиндан ҳам бўлганида жиноят ишига илова қилинган бўлиши, аммо жиноят ишида ушбу мазмундаги хат мавжуд бўлмаганлиги ҳақида;

Гувоҳ С.Норқулова кассация инстанцияси судида, МХХ ходимлари босим ўтказганлиги сабабли, яъни В.Зокировга қарши кўрсатмасидан қайтса қамалиши ҳақида айтиб, уни хонадан олиб чиқиб кетганлиги ва шу боис В.Зокировга қарши кўрсатма берганлиги;

Гувоҳ М.Раупова судда, МХХ ходимлари жияни Т.Абдуҳакимовни алдаб, отасини кўрсатишлари ҳақида айтиб, укаси ётган турмага олиб бориб, уни кўз олдида укасини роса уриб, жиянидан В.Зокировга қарши кўрсатма олишганлиги, аслида у жияни Т.Абдуҳакимовга С.Норқуловага олиб бориб бериши учун пул бермаганлиги, улар унга В.Зокировга қарши кўрсатма беришини, агар кўрсатма бермаса, қамоқдан укасининг ўлиги чиқишини айтишганлиги, у ўшанда ҳам рози бўлмаганлиги, судда унга ҳеч ким таъсир ўтказмаганлиги ва у ҳозиргидек кўрсатма берганлиги, унга укаси қамоқдан телефон қилиб, “опажон ўша В.Зокировга нисбатан кўрсатма бер, бўлмаса булар мени ўлдиради” деб айтганлиги ҳақида кўрсатув берди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Олий суди, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлигининг 2014 йил 23 июндаги “Порахўрлик жиноятлари ҳақидаги ариза ва хабарларни кўриб чиқиш, бу тоифадаги жиноят ишларини тергов қилиш ва судда кўришда қонун талабларига қатъий риоя қилинишини таъминлаш бўйича” Қўшма кўрсатмасининг 8.1-бандида, аризачининг кўрсатмаларидан ташқари бошқа объектив далиллар аниқланмаганда жиноят иши қўзғатилишига, шахс қамоққа олинишига, жиноий жавобгарликка тортилишига йўл қўйилмаслиги,жиноят-процессуал қонуни талабларига риоя қилинмаган ҳолда олинган номақбул далиллар асосида жиноят иши қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилинишига йўл қўйилмаслиги, ҳар қандай ҳолатда айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозимлиги ҳақидаги ЖПКнинг 23-моддаси талабларига оғишмай риоя этилиши, аризачининг кўрсатмаси, шахснинг айбига иқрорлик кўрсатмалари билан тасдиқланган ҳолатлар ҳам бошқа объектив далиллар аниқланмаган тақдирда айблаш учун етарли асос бўла олмаслиги инобатга олиниши;         

8.2-бандида, шахсга айб эълон қилишга фақат объектив далиллар мажмуигина асос бўлиши мумкинлиги, бунда, пора берувчи ва у билан боғлиқ шахсларнинг кўрсатмалари ҳамда айбига иқрорлик кўрсатмалар билан чегараланиб қолмасдан, шахсни айблаш учун пора предметининг олиниши, қонунлар билан белгиланган тартибда почта-телеграф ва электрон жўнатмалари, аудио ёки видеоёзувлар, телефон ёки бошқа мосламалар орқали амалга оширилган сўзлашувлар аниқланиши каби аниқ мезонлар билан асослантирилиши шартлиги белгиланган.

Бироқ, жиноят иши ҳужжатларида, В.Зокировнинг айбига иқрорлик ҳамда бошқа шахсларнинг унга пора берганлик ҳақидаги кўрсатувларидан ташқари, юқорида қайд қилинган Қўшма кўрсатмада белгиланган шахсга нисбатан айб эълон қилишга асос бўлган объектив далиллар мажмуини ташкил этувчи бирор-бир аниқ мезон мавжуд эмаслиги аниқланган.

Дастлабки тергов органи томонидан В.Зокировнинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда пора олиш жиноятини содир қилганлигини намоён этувчи бирор-бир ишончга сазовор ва мақбул далиллар тўпланмаган, биринчи босқич суди эса В.Зокировнинг айбини тасдиқловчи ҳолатлар мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқмасдан, В.Зокировни айбли деб топиб, барвақт хулосага келган.

Жиноят ишидаги фақатгина иқрорлик кўрсатувларидан ҳамда шубҳа ва гумонлардан иборат ҳолатлар В.Зокировни юқорида қайд қилинган жиноятларни содир этганликда айблаш учун асос бўла олмайди.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 23-моддасида, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳалқилиниши лозимлиги, қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги;

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандида, судланувчининг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса, айбсиз деб топилиши ва реабилитация этилиши лозимлиги белгиланган.

Судлов ҳайъати, юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, суд ҳукмининг судланган В.Зокировга оид қисмини бекор қилиб, судланган В.Зокировни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси 3-кисми (олдинги тахрирдаги) “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этмаган деб топиб, ЖПКнинг 83-моддаси
2-бандига асосан оқлашни лозим топди.

 

 

Азиз Сафаров,

Жиноят ишлари бўйича

Навоий вилоят суди судьяси

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!