Наҳотки?! Жиззахда эркак аввал хотини ва қизчаси, сўнг ўзини ўлдирди(ми)?

Наҳотки?! Жиззахда эркак аввал хотини ва қизчаси, сўнг ўзини ўлдирди(ми)?

Жиззах вилояти Фориш туманида бир оиланинг барчаси ўлик ҳолда топилди.

Jahon.uz га Жиззах вилояти ИИБдан маълум қилинишича, эркак турмуш ўртоғи ва қизини ўлдирган, сўнгра ўз жонига қасд қилган.

Қорабдол ота маҳалла фуқаролар йиғини, Шоҳусмон қишлоғида яшовчи фуқаро қўшнисикига ўтиб, уй эгасини молхонада осилган ҳолда кўрган.

Вазиятдан марҳумнинг оиласидагиларни хабардор этиш учун уйига кирганида, аёли ва қизи ҳам ҳаётдан кўз юмганлигига гувоҳ бўлган.

Экспертиза хулосасига кўра, 1986 йилда туғилган аёл ҳамда унинг 2015 йилда туғилган қизи 1 май куни соат 18.20 лар атрофида бўғиб ўлдирилган. 1980 йилда туғилган эркак эса 2 май куни соат 14 ларда юқори нафас йўлларининг сиртмоқ билан сиқилиши ортидан вафот этган.

Ҳаётдан кўз юмган эр-хотин ўртасида тез-тез жанжаллар бўлиб турган. Бунга мардикорлик билан шуғулланган эркакнинг доимий даромад манбаига эга эмаслиги, оила иқтисодининг оғирлиги сабаб бўлган. Бундан ташқари ўз жонига қасд қилган йигитнинг отаси ўғлини оиласи билан уйидан чиқиб кетишини доимий равишда талаб қилган.

Шунингдек, ўрганишлар натижасида ҳаётдан кўз юмган эр-хотиннинг аввалроқ шифохонага борганлиги ҳамда ҳомиладор аёл текширувдан ўтиб, туғилажак фарзандининг жинсини аниқлаштирганлиги аниқланган.

Ҳомиланинг қиз эканлигини билган эркак хотинига болани олдириб ташлашни буюрган. Аёл бунга қаршилик қилган, келишмовчиликка шифокорлар аралашиб, болани тушириш вақти ўтганлигини билдиришган.

Шифохонада бошланган жанжал уйда ҳам давом этганлиги, жаҳл устида эркак аёли ва фарзанди, сўнгра ўз жонига қасд қилганлиги тўғрисидаги тахмин илгари сурилмоқда.

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!