МИБ ходимлари олдида ўзини ёқиб юборган андижонлик фуқаро касалхонада вафот этди

МИБ ходимлари олдида ўзини ёқиб юборган андижонлик фуқаро касалхонада вафот этди

Андижонда 45 фоиз даражадаги куйиш ҳолатлари билан шифохонанинг жонлантириш бўлимида даволанаётган Хушнуд Ғойибназаров вафот этди. Бу ҳақда унинг опаси «Effect.uz» ахборот агентлигига маълум қилди.

Андижон тумани, Бешбўйноқ МФЙ, Бодомзор кўчаси, 140-А уйда яшовчи Хушнуд Ғойибназаров яшаётган уйи билан келиб чиққан муаммолар туфайли МИБ ходимлари гувоҳлигида устидан бензин сепиб, ўзини ёқиб юборган эди.

Мудҳиш воқеа жорий йил 21 январь куни Хушнуд Ғойибназаровнинг яшаш уйи атрофида содир бўлган. МИБ матбуот хизмати бошлиғи Фарруҳ Тошпўлатовга кўра, бюронинг Андижон туман бўлими иш юритувидаги фуқаро З.Г. ва унинг оила аъзоларини Андижон тумани, Айрилиш МФЙда уйдан мажбурий тартибда кўчириш ҳамда даъвогар М.Б.ни ушбу уйга киритиш ҳақида ижро ҳужжати мавжуд бўлиб, 21 январь куни кечга яқин масъул ходимлар ижро ҳаракатларини амалга ошириш учун қайд этилган манзилга чиққан.

МИБ ходимлари, шунингдек, даъвогар ва жавобгар иштирокида далолатнома расмийлаштириш жараёнида тарафлар ўртасида келиб чиққан келишмовчилик сабаб ижро ҳаракатлари бир кун кейинга — 22 январга қолдирилади. Шундан сўнг МИБ ходимлари ва ижро ҳаракати учун жалб қилинган бошқа шахслар қайд этилган манзилдан чиқиб кетаётган вақтида жавобгар Хушнуд ўзига бензин сепиб, ўт қўйиб юборади.

Оқибатда танасининг 45 фоизи куйиб, оғир тан жароҳат билан шифохонага тушади.

Матбуот хизматининг таъкидлашича, МИБда суд қарорлари муҳокама этилмайди. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари ижроси таъминланиши шарт. Суд қарорлари ижросини вақтинча тўхтатишнинг эса қонуний тартиблари бор.

Айни пайтда мазкур ҳолат бўйича Андижон туман прокуратураси томонидан текшириш ишлари олиб борилмоқда.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!