«Космик фаолият тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди
Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида «Космик фаолият тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.
Қонунда космик фаолиятга оид асосий тушунчалар ва принциплар, фаолиятни амалга оширишнинг мақсадлари, космик фаолият соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари назарда тутилган.
Қонун билан Вазирлар Маҳкамаси, Рақамли технологиялар вазирлиги ва унинг ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги ҳамда Мудофаа вазирлигининг космик фаолият соҳасидаги ваколатлари белгиланмоқда.
Шунингдек, космик соҳада илмий тадқиқотлар олиб бориш, космик тизимларнинг турлари яъни ерни масофадан зондлаш, давлат космик мониторинги, космик алоқа тизими, юқори аниқликдаги сунъий йўлдош навигация тизими, космик ракета комплексларидан (космодромлардан) фойдаланиш, космик объектларни тамғалаш, ижарага бериш, космик объектларни ва техника воситаларини утилизация қилиш, космик инфратузилма ва фаолият хавфсизлиги, фаолиятни молиялаштириш асослари ҳамда халқаро ҳамкорлик масалалари назарда тутилмоқда.
Қонунда илм-фан, ижтимоий-иқтисодий, экология, мудофаа, хавфсизлик ва бошқа соҳаларга оид мақсадларга эришиш учун космик технологиялар воситасида космик фазони ва Ерни тадқиқ этиш ҳамда улардан фойдаланиш, шунингдек, космик фаолиятнинг атроф-муҳит, табиий ресурслар ва аҳоли соғлиғига таъсирини назорат қилиш каби масалаларга алоҳида эътибор берилган.
Қонунда космик фаолият соҳасидаги стратегик йўналишлар ҳамда давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, иқтисодиёт тармоқларидаги қонунчилик бузилиши ҳолларини космик суратларга ишлов бериш орқали аниқлашга кўмаклашиш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири эканлиги назарда тутилган.
Сенаторлар томонидан таъкидланганидек, қонуннинг қабул қилиниши натижасида космик фаолият соҳаси тартибга солиниб, масъул органлар, уларнинг ваколатлари ва вазифаларини аниқ белгиланади, юзага келиши мумкин бўлган хатарларни олдини олиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, мудофаа ва хавфсизликни таъминлашда космик фаолиятни амалга оширишнинг ҳуқуқий кафолати яратилади.
Шу билан бирга, бу мамлакатимизда барча соҳаларда, жумладан, ер муносабатлари, геология, сейсмик хавфсизлик, транспорт, қишлоқ, ўрмон, сув ва йўл хўжалиги соҳаларида муваффақиятли фаолият юритиш имконини беради.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.