МИБ 42,9 трлн. сўмлик ундирувни амалга оширди
Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан қарорлар ижросини таъминлаш орқали фуқароларимиз ҳамда жамиятлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида ижро этиш соҳасида 42,9 трлн. сўмлик ундирувлар амалга оширилиб, амалда бу кўрсатгич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7 трлн. сўмга ошганлигини кўрсатмоқда.
Биргина, давлат фойдасига 18,5 трлн сўм, тадбиркорлик ва бошқа субъектлар фойдасига 10,4 трлн. сўм ҳамда банклар фойдасига 12,3 трлн. сўмлик маблағлар ундирилди.
Жумладан, фуқароларимиз манфаатлари учун 1,7 трлн. сўмдан ортиқ ундирувлар амалга оширилди.
Фуқароларнинг мол-мулкига даҳл қилмасдан ва мажбурий
ижро ҳаракатлари ўтказилмасдан ахборот технологиялари ёрдамида масофавий тарзда ишлайдиган 15 та туманлараро бўлимлари томонидан 760,1 млрд. сўмлик, 2,1 млн. та ҳужжатларнинг ижроси таъминланди.
Энергия ресурслари соҳасида 44 минг 250 дан зиёд ижро ишлари тамомланиб, 907,6 млрд. сўмлик қарздорликлар ҳам ундирилди.
Шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ижро ҳужжатлари бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Масалан, Давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармони билан эҳтиёжманд фуқароларни қўллаб-қувватлар учун жорий этилган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” ҳисобига 1 трлн. 21 млрд. сўм маблағлар йўналтирилди.
Моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар фойдасига 1,7 трлн. сўмлик алимент маблағлари ундирилди.
“Алимент тўловлари” жамғармаси ҳисобидан вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарликка тортилган қарздорларнинг 620 нафар ундирувчиларига 20,9 млрд. сўм зарар пуллари тўлаб берилди.
Ишсиз алимент тўловчи фуқароларнинг 23 минг 245 нафари ишга жойлаштирилди, шу билан бирга олиб борилган тушунтириш ва профилактика ишлари натижасида, 12 минг 300 дан ортиқ оилалар яраштирилди.
Муқаддам ноқонуний тарзда ишдан бўшатилган 685 нафар шахслар ишга тикланди ва уларга тўланмасдан қолган 51,8 млрд. сўм иш ҳақлари ундириб берилди.
Бюронинг расмий сайтида алимент мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаб келаётган ва қидирув эълон қилинган шахслар тўғрисидаги маълумотлар жойлаштирилиб борилмоқда ва тезкор-қидирув тадбирлари давомида 5 минг 608 нафар фуқаролар топилди.