Судья Адельнинг қўшиғини бутун дунё бўйлаб тақиқлашни буюрди
Бастакор Тониньо Гераес Адельнинг 2015 йилда чиққан «Million Years Ago» қўшиғи унинг Mulheres (аёллар – таҳр.) классик самбасининг нусхаси эканини маълум қилди, уни бразилиялик қўшиқчи Мартиньо да Вила 1995 йилда машҳур альбом учун ёзган, деб хабар беради The Guardian.
Суд қўшиқни бутун дунё бўйлаб, жумладан, мусиқа стриминг хизматларида сотилишини тўхтатишни буюрди.
Бу буйруғни Рио-де-Жанейронинг Олтинчи хўжалик суди судьяси Виктор Торрес жума куни чиқарган.
Душанба куни «Million Years Ago» қўшиғини бутун дунё бўйлаб тарқатиш, алмашиш, кўпайтириш, таҳрирлаш ёки коммерциялашни дарҳол тўхтатишни буюрадиган суд талаби Sony ва Universal компанияларига юборилган.
Тониньо Гераеснинг адвокати Френдио Троттанинг айтишича, унинг фирмаси шу ҳафта бутун дунё бўйлаб радио ва телевидение билан боғланиб, уларни қарор ҳақида хабардор қилади.
Sony ва Universalнинг Бразилиядаги шўъба корхоналари Аделнинг бу қўшиғини тарқатишса, 8 минг доллар жаримага тортилиши мумкин.
Шунингдек, Гераес 160 минг доллар миқдорида товон пули талаб қилди.
Бразилия 1886 йилдаги Берн конвенциясини имзолаган бўлиб, муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган асарларни халқаро даражада ҳимоя қила олади.
Айтганча, турк мусиқа ихлосмандлари ҳам 2015 йилда Аделнинг «Million Years Ago» қўшиғини плагиат деб атаган эди. Улар унинг оҳанги курд қўшиқчиси Аҳмет Кайнинг 1985 йилда чиққан «Ачилара Тутунмак» қўшиғига ўхшашлигини даъво қилишган.