Компьютер ва телефон ўйинлари инсультга сабаб бўлмоқда

Компьютер ва телефон ўйинлари инсультга сабаб бўлмоқда

Нурмуҳаммад олти ёшда. Кейинги вақтда қўл-оёғини ишлатиши ва нутқида бузилиш сезилиб қолди. Ота-онаси шифокорларга ҳар қанча қатнаса-да, касалнинг сабабини тополмай ҳайрон. Ниҳоят болага туғма инсульт ташхиси қўйилди.

Ҳайратдан ёқангизни ушлашингиз табиий. Биз одатда бу касалликни катталарда бўлишига кўникиб қолганмиз. Ваҳоланки, бу касаллик болалар орасида ҳам авж олиб бораётган экан. Хўш, инсульт ўзи нима? Қай ҳолатларда болаларда кузатилиши мумкин? Бунга компьютер ва мобиль телефон ўйинлари ҳам сабабчи бўлиши мумкинми?

Бу саволларга “Spektra Nevrology“ неврология клиникаси директори, олий тоифали шифокор Алишер Тўраев шундай жавоб берди.

– Болалар орасида бундай касалликнинг кўпайишига экологиянинг ўзгариб кетгани, ота-оналарда турли, зарарли одатларнинг кўпайиб бораётгани, болалар руҳиятига салбий таъсир кўрсатувчи компьютер ўйинлари, телефонлар сабаб бўлмоқда.

Авваллари 50 ёшдан ошгандан кейин инсульт ёки инфаркт кузатиларди. Ҳозирда гўдаклар инсульт билан туғилмоқда. 15 ёшга кирмасдан инфарктга чалинмоқда. Бунинг асосий сабабларидан яна бири кўп ишлаб, кам дам олинмоқда. Ота-боболаримиз саккиз соат ишласа, 16 соат дам олган. Бизда ҳозир бунинг акси... компьтер технологияларининг ривожланиши туфайли болалар турли ўйинларга берилиб, вақтнинг ўтганини сезмайди. Бу жараёнда уларнинг мияси зўриқиб кетади.

Шунингдек, болаларнинг соатлаб компьютер ва мобиль ўйинларни ўйнаб ўтириши, гапирмасдан фақат мияни ва қўлни ишлаши лаганевроз касалини ҳам келтириб чиқармоқда. Бундай касалга чалинганлар орасида 3-18 ёшгача бўлганлар кўп. Аслида инсон кўпроқ гапириши, мулоқотга киришиши керак. Бир вақтлар Амир Темур бобомиз ўзига хос ходимлар танлаганда турли саволлар берган. Довдирамасдан, аниқ жавоб берганларни “бундан яхши ходим чиқади”, дея ишга олган. Ҳозир болаларда нутқ бузилиб бормоқда.

Аслида ҳар иккаласи ҳам бош мия қон томирлари касалликлари бўлиб, неврологиянинг энг муҳим масалалари қаторига киради. Мисол учун, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг статистикаси бўйича инсультда рўй берадиган ўлим кўрсаткичи умумий ўлим кўрсаткичининг 14 фоизини ташкил этиб, миокард инфаркти, рак касалликларидан кейин учинчи ўринни эгаллайди.

Агар маълумотларга эътибор қиладиган бўлсак, жаҳонда ушбу хасталик ҳар 100 000 нафар чақалоқдан 24,7 нафарида кузатилади. Ўртача ҳар 4000 нафар тирик туғилган чақалоқдан бир нафари перинатал инсульт билан туғилади. Бу дард ўғил болаларда 1,5 баравар қизларга нисбатан кўпрок кузатилади.

Шу боис дунёда инсультнинг асоратларини даволайдиган ускуналар, технологияларга бўлган талаб ошиб бормоқда. Биз ҳам яқинда Германиядан ана шундай аппарат олиб келдик. Уч ойда 50 нафар ёш болалар ва 150 нафар катта ёшли беморларга кўмак кўрсатдик. Ўн кунлик муолажадан кейин беморларнинг аҳволида яхшиланиш кузатилмоқда.

Агарда болаларни инсульт (цереброваскуляр зарба) – миянинг қон айланиш тизимини ўткир бузилиши, 24 соат ва ундан кўп давом этувчи марказий нерв системаси (МНС)нинг ўткир бузилишидан ҳимоя қилишни истасангиз, энг аввало уларни турли хилдаги компьютер ва телефон ўйинларидан ҳимоя қилинг. Ана шунда миянинг кучли зўриқишининг олдини олган бўласиз.

Manba: uza.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!