Комил Алламжонов: «Отам каби ҳалол ва пок бўлишга интилдим»

Комил Алламжонов: «Отам каби ҳалол ва пок бўлишга интилдим»

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжоновнинг ушбу лавозимга тайинланганига 30 ноябрь куни бир йил тўлди. Шу муносабат билан у ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида қуйидаги фикрларни ёзиб қолдирди:

 

Роппа-роса бир йил олдин, айнан шу куни Президентимиз катта ишонч билдириб, мени Агентлик раҳбари лавозимига тайинлаган эдилар.

Ўтган давр мобайнида Агентлик ваколати доирасида тинмай меҳнат қилдик. Кўп лойиҳаларни бошладик. Бир йил ўн йилдек ўтди, назаримда. Қанчалик натижа бера олдик, билмадим, баҳони одамлар ва раҳбарларимиз беради.

Ушбу лавозимда яна неча кунни қарши олишимни ҳам билмайман, чунки бу — тақдир ва насиба. Лекин битта нарсани аниқ биламан: отам каби ҳалол ва пок бўлишга қатъий интилиб, меҳнат қилдим ва бундан кейин ҳам Президентимга, Ватанимга содиқ бўламан.

Матбуотни ҳақиқатан тўртинчи ҳокимият даражасига етказиш учун астойдил, қаттиққўллик, қайсарлик, қатъият ва тизимли равишда ишлашга ҳаракат қилмоқдамиз. Бу кимгадир ёқяпти ва, албатта, кимгадир ёқмаяпти. Бу табиий. Чунки тўртинчи ҳокимият амалда ишласа, кўпчиликни ишлашга мажбур қиляпти ва кўпчиликнинг фаолиятига кўзгу бўляпти.

Ҳақиқат ва адолатга эришиш ҳар доим ҳам осон кечмайди. Бир нарсани аниқ биламан: биз янги Ўзбекистон тарихининг янги боби ёзилиши жараёнидамиз. Илоҳим, ушбу жараёнда катта ойим айтганларидек: «Ўт балосидан, сув балосидан, туҳмат балосидан, ёмон кўзлардан Яратганнинг ўзи асрасин!».

Ушбу лавозимда қанча фаолият юритишимдан қатъи назар, ҳар бир кунда халқимизнинг, Президентимнинг ишончларини оқлаш, давлат учун, журналист ва блогерлар учун, уларнинг ҳимояси, уларнинг шароити учун бор кучим билан ҳаракат қилишга ваъда бераман.

Комил Алламжонов, АОКА раҳбари

Эслатиб ўтамиз, Комил Алламжонов Президент фармони билан Президент администрацияси бошлиғи ўринбосари этиб тайинланган эди. 2017 йилнинг декабридан Ўзбекистон Президентининг матбуот котиби ва Президент ижро аппарати бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган.

Кейинчалик, давлат хизмати давомида соғлиғи ёмонлашгани туфайли ўз хоҳиши билан эгаллаб турган лавозимларидан озод этилишини сўраб, мурожаат қилган. 2018 йилнинг 3 октябрь куни у лавозимидан озод этилган. Шу йилнинг 28 ноябрида эса Комил Алламжонов Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланган ва ОАВ сўз эркинлигини таъминлаш учун бор кучини сафарбар этишга ваъда берган.

Маълумот учун, АОКА Президентнинг 2 февралдаги фармони билан собиқ Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги (ЎзМАА) негизида ташкил этилган. Агентлик директори ўз мақомига кўра президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосарига тенглаштирилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!