«Киргизия эмас, балки Қирғиз Республикаси»

Қирғизистон парламенти Россия ҳукумат раҳбари Михаил Мишустиннинг россиялик тадбиркорларга «босим» ўтказилаётгани ҳақидаги баёнотига ҳукуматнинг суст муносабатини танқид қилди ва қатъий жавоб беришни талаб қилди.
5 февраль куни парламент мажлисида депутат Камила Талиева Қирғизистон бош вазири Акилбек Қасималиев Мишустин айбловларига дарҳол жавоб қайтариши керак эди, деб таъкидлади.
💬 «Биз ҳуқуқий давлатда яшаймиз. Агар сизнинг 50 миллион долларлик қарзингиз бўлса, уни тўлашингиз шарт. Бизни ҳеч қандай асосга эга бўлмаган ҳолда ноқонуний ҳаракатлар, босим ва талон-торожда айблашмоқда. Мишустин ҳар доим ЪКиргизия, Киргизияʼ деб гапиради. Бизнинг мамлакатимизнинг расмий номи – Қирғиз Республикаси. Нега у бундай атайди? Халқимизда ътемирни қизиғида урʼ деган нақл бор. Жавобни ўз вақтида бериш керак эди», — деди депутат.
Ушбу мажлисда бошқа бир депутат Жанар Ақаев ҳам Мишустиннинг айбловларини асоссиз деб атади.
31 январь куни Россия бош вазири Қасималиев билан учрашувда Қирғизистон давлат идораларининг россиялик компанияларга нисбатан «асоссиз даъволари» борлигидан ташвиш билдирган эди. Мишустиннинг сўзларига кўра, Россия Ташқи ишлар вазирлиги жўнатган дипломатик нотада «қонунга зид ва айрим ҳолатларда товламачилик» сифатида баҳоланган аниқ фактлар қайд этилган.
3 февраль куни Қирғизистон солиқ хизмати раҳбари Алмамбет Шикмаматов ушбу айбловларни рад этиб, Мишустин иқтисодий масалага сиёсий тус берганини таъкидлади.
Бишкек россиялик бизнес вакилларига нисбатан қўйилаётган талаблар қонуний эканини ва бу ҳеч қандай босим эмаслигини айтиб, ўз позициясида қатъий турибди.