Instagram сиёсий контентларга чекловлар киритди

Instagram сиёсий контентларга чекловлар киритди

Instagram алгоритмларида янгиланиш юз берди – эндиликда фойдаланувчилар ўз янгиликлар тасмасидаги сиёсий контент миқдорини чеклаши мумкин бўлади, деб ёзмоқда TRT.

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларга эгалик қилувчи Meta компанияси ушбу функцияни фойдаланувчиларни хабардор қилмасдан автоматик равишда ишга туширган. Тармоқнинг созламалар қисмига қўшилган “сиёсий контент” бўлими “по умолчанию”, яъни дастлабки созламалар ҳолатида “ўчириш” қисми ёқилган ҳолатда бўлади. Бироқ фойдаланувчилар уни қўлда “чекламаслик”ка ўзгартиришлари мумкин.

Янги ўзгариш ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг норозилик тўлқинига сабаб бўлди. Сиёсий фаоллар, жумладан Фаластин тарафдорлари платформани цензурада айбламоқда.

Кўрсатмаларда айтилишича, ўзгариш "ҳукуматлар, сайловлар ёки одамларнинг катта гуруҳига ва/ёки бутун жамиятга таъсир қиладиган ижтимоий муаммоларга ишора қилиши мумкин бўлган" хабарларга таъсир қилади.

Платформани фаол цензурада айблаган фойдаланувчилар ўзларининг норозиликларини билдириш учун Х – собиқ “Твиттер”га мурожаат қилишди.

“Улар биздан тоғлар, байрамлар, гўзал портретлар, гуллар ва бошқа нарсалар тасвирларини нашр этишимизни хоҳлашяпти. Улар бизда Фаластин, Конго, муҳожирлар, суверенитет, туб аҳоли ҳаракати, атроф-муҳит адолати ва ирқчилик билан боғлиқ жуда кўп контентга эга деб ўйлашади”, деб ёзади фойдаланувчилардан бири.

Кўпгина фаоллар ижтимоий медиа платформаларидан, жумладан Instagram`дан маълумот тарқатиш, норозилик намойишларини уюштириш ва сафарбарликнинг бошқа шаклларидан фойдаланади. Исроилнинг Ғазо секторига бостириб кириши бошланганидан буён фаластинлик журналистлар ва фуқароларнинг ижтимоий тармоқлардаги постлари асосий ахборот манбаларига айланди. Чунки Исроил ҳукумати халқаро оммавий ахборот воситаларининг Ғазо секторига киришини тақиқлади.

Фаластинликлар, шунингдек, Исроил ҳаракатлари туфайли тез-тез телекоммуникациялар узилиб қолаётган бир пайтда, ёрдам сўраш ёки яқинлари ҳақидаги янгиликларни билиш учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланмоқда. Декабрь ойида Human Rights Watch (HRW) ҳисоботида Instagram ва Facebook ижтимоий тармоқларини бошқараётган Meta компаниясини тизимли равишда Фаластин ҳақидаги контентларни цензура қилаётганликда айблади.

"Ижтимоий тармоқлар одамларнинг гувоҳлик бериши ва ҳуқуқбузарликларга қарши чиқиши учун муҳим платформадир ва Meta цензураси Фаластин азобини йўқ қилиб кўрсатишга ҳисса қўшади", деди HRW технология ва инсон ҳуқуқлари бўйича директор ўринбосари вазифасини бажарувчи Дебора Браун.

Февраль ойида Instagram ўз баёнотида фойдаланувчилар кузатмайдиган аккаунтлардаги сиёсий контентни "проактив равишда тавсия этишни" тўхтатишини, сиёсат мавзусини эса ўзининг Threads (Х ижтимоий тармоғининг муқобили – таҳр.) бўлимига кенг ёритишини маълум қилди.

Бироқ кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Instagram`ни АҚШ ва бошқа мамлакатларда муҳим сайловлар бўлиб ўтиши кутилаётган йилда сиёсий муҳокамаларни чеклашда айблашди. Уларнинг фикрича, шу йўл билан сиёсий фаоллар пропагандага қарши туришда кўпгина имкониятлардан маҳрум бўлишади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!