Ижтимоий тармоқлар ҳақида мулоҳаза

Ижтимоий тармоқлар ҳақида мулоҳаза

Агар сиз ижтимоий тармоқлардаги диний-маърифий каналлардан 5 тасига аъзо бўлсангиз ва бу каналлардан ҳар куни сизга камида 5 тадан хабар (диний масалалар, фатволар, маълумотлар, оят ва ҳадислар, ибратли ҳикоялар, ривоятлар ва ҳоказо)лар келиб турса, сиз кунига 25 та диний мавзудаги хабарлар билан таъминланган бўласиз. Бу кўрсаткич 10 кунда 250 та, 1 ойда 750 та, 1 йилда 9000 тани ташкил этади. Агар 10 та каналга аъзо бўлсангиз, сиз 1 кунда 50 та, 10 кунда 500 та, 1 ойда 1500 та, 1 йилда 18000 та маълумотлардан хабардор бўлган бўласиз.

Кунига 50 та динга оид хабарларни ўқиган инсон бир йилга бормай «алломайи замон» бўлмасада, салкам олим бўлиши керак, аслида. Лекин бу каби «олимлар» (яъни ижтимоий тармоқлардан келган хабарлар асосида олим бўлганлар)ни ҳалигача учратганимиз йўқ.

Бу (ижтимоий тармоқлар орқали олим бўла олмаслик)нинг бир қанча сабаблари бўлиб, мен баъзиларинигина эслатиб ўтмоқчиман:

Биринчидан, келаётган маълумотларни ҳаммасини ўқимаймиз. Бунга, асосан, ё вақтнинг тиғизлиги, ё эринчоқлик сабаб бўлади. Чунки биз шу даражада кўп каналларга аъзо бўлганмизки, улардан келаётган хабарларни ўқишга «қўрқиб» қолганмиз.

Иккинчидан, ижтимоий тармоқларга илм олиш мақсадида кирмаймиз ва хабарларни диққат билан ўқимаймиз. Одатда, ижтимоий тармоқларга бўш ёки зериккан пайтимизда кирамиз: транспортда кетаётганимизда, кимнидир кутиб қолганимизда, ёлғиз ўзимиз қолиб, нима қилишимизни билмай турганимизда (бу кулгули ҳолат) ва ҳоказо. Бундай ҳолатда бирор маълумотни ўқиб, уни «ҳазм қилиш» қийин, албатта. Шунинг учун биз бу хабарларни шунчаки, вақтимизни бир амаллаб ўтказиш учун мутолаа қиламиз. Бу эса маълумотни етарлича англашимизга йўл бермайди. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлардаги каналлардан бирор маълумот ёки хабарларни ўқиётганимизда бизни чалғитувчи ҳолатлар кўп бўлади: рекламалар, дўстларимизнинг бизга мактуб (смс) ёзиб қолиши, уларга жавоб қайтариш ва ҳоказо. Ваҳоланки, илм бу тарзда ўрганилмайди.

Учинчидан, маълумотларни ўқишдаги тартибсизлик. Бу ҳам биз аъзо бўлган каналларнинг кўплиги ва турли туманлиги сабабидандир.

Тўртинчидан, бизга келаётган хабарларнинг ҳаммаси ҳам манфаатли эмас. Баъзи диний ном остидаги каналлар обуначилари сонини кўпайтириш мақсадида одамда ҳаяжон уйғотадиган хабарларни, гарчи бу хабарлар бефойда ва тутуруқсиз бўлсада, тарқатишади. «Хайрли кун»ни «хайрли тун»га улаб, кун давомида манфаатсиз маълумотлар билан обуначиларини «баҳраманд» қиладиган каналлар ҳам анчагина. Шунинг учун, иложи борича каналлар сонини кўпайтирмаслик ва маълумотларни илмий, ишончли ва батартиб шаклда улаша оладиган каналларгагина аъзо бўлиш лозим...

Шу ва бошқа сабаблар туфайли ижтимоий тармоқлардан ўрганаётган илмимиз биз учун кўп ҳам манфаатли бўлавермайди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ижтимоий тармоқлардан ҳам илм олиш мумкин. Лекин илмнинг баракаси, лаззати, машаққати ва роҳатини улар орқали (яъни, ижтимоий тармоқлардан) ҳис қилиб бўлмайди.

Эслатма: Айни дамда бизлар Робиъул аввал – «Мавлид» ойининг бошларида турибмиз. Келинг, шу бир ой ижтимоий тармоқ (Фейcбук, инстаграм ва телеграм)лардан узилайликда, асри саодатга сайр қилайлик. Ҳеч бўлмаганда, мана шу бир ой эътиборимизни ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалардан башарият саййиди бўлмиш Зотнинг ибратли ҳаётига қаратайлик. Ҳеч бўлмаганда, мана шу бир ой давомида қалбимизни интернетга эмас, сийрат китобларига боғлаб яшайлик.

Балки шунда илм нури бизларга юқар. Балки шунда қалбимиз Аллоҳнинг зикрига юмшар...


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!