ИИВ: бизда ахборот махфий сақланади

ИИВ:  бизда ахборот махфий сақланади

Ҳуқуқбузарлик акс этган видеолавҳани «E-jarima.uz» сайтига жўнатган шахслар ҳақидаги маълумотлар махфий сақланади. Бу ҳақда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси (ЙҲХББ) бошлиғи ўринбосари, полковник Эрали Бозоров маълум қилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимов.

Аввлроқ тармоқларда ҳуқуқбузарлик акс этган видеони «E-jarima.uz» сайтига жўнатган шахсга ўша ҳуқуқбузарликни содир этган шахс дўқ-пўписа қилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. ИИВ ЙҲХББ вакили махфий сақланиши лозим бўлган ахборот ташқарига чиқиб кетгани юзасидан изоҳ берди.

Ҳуқуқбузарни аниқлаган фуқаро ҳақидаги маълумот махфий ҳисобланади. Ҳеч кимга етказилмайди. Тўғри, мана шундай ҳолат бўлди. Бу бўйича хизмат текшируви ўтказилди. Биз дастлаб ахборотни ходимлар чиқариб юборган деб ўйлаб, уларнинг ҳар бири билан алоҳида суҳбат ўтказдик. Шахсий ахборот ходимлар томонидан чиқариб юборилмаганлиги ойдинлашди.

20 кун давом этган хизмат текширувида ҳар бир жиҳатга алоҳида эътибор бердик. Ҳуқуқбузар ҳайдовчи билан суҳбатлашганимизда, унинг машинасида ҳам видорегистратор бўлгани ва шу орқали видеотасвир муаллифини машиналар орасидан қидириб топганини билдирди. Яъни, видеотасвир жўнатган шахс ҳуқуқбузар ҳайдовчини оғайнисининг таниши бўлиб чиққан.

Бундан кейин махфий маълумотларни қайсидир ходим чиқариб юборса, унга қатъий чора кўрилади. Бу Вазирлар Маҳкамаси қарори талаби.

Полковник Эрали Бозоров, ИИВ ЙҲХББ бошлиғи ўринбосари

Маълумот учун, автомашина видеорегистраторида ҳуқуқбузарлик акс этган лавҳа «E-jarima.uz» сайтига жўнатилади. Материаллар кўриб чиқилади ва «Ўзбекистон почтаси» орқали қоидабузарга жарима ҳақида маълумот юборилади. Ушбу тизим 2019 йилнинг 1 июлидан ишга тушган. Тизимга беш ой мобайнида 28 268 та лавҳа келиб тушган, шундан 18 822 тасида ҳуқуқбузарлик ҳолати борлиги аниқланган ва қоидабузар ҳайдовчилар жарима тортилган.

Бунда фуқаро ўзи юборган видеотасвир бўйича қандай чора кўрилганини кузатиб бориши мумкин. Ҳуқуқбузар жаримани тўлаши билан видеоматериал юборган фуқаро ҳисобига энг кам ойлик иш ҳақининг 5 фоизи миқдорида — 11 150 сўм келиб тушади. Рағбатлантириш пулини фуқаро истаса пластик картасига, хоҳласа телефон рақами ҳисобига тушириши мумкин.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!