Ҳарбийлар касб байрамини янги уйларда нишонлайди ​

Ҳарбийлар касб байрамини янги уйларда нишонлайди ​
Термизда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун қурилган кўп қаватли янги уй фойдаланишга топширилди.
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, ҳарбий хизматчилар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар миллий армиямизнинг жанговар салоҳиятини юксалтириш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун замонавий шароитлар яратишда муҳим омил бўлаётгани алоҳида таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 мартдаги Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ҳарбий хизматчилари учун уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида ги қарори Ватан ҳимоячиларининг яшаш шароитини тубдан яхшилаш ва уларнинг оила аъзоларини муносиб қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.
Ўтган йили вилоят ҳудуди ва ҳарбий шаҳарчаларда мудофаа қўшинлари ҳарбий хизматчилари учун 122 хонадонга мўлжалланган замонавий уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Жорий йилда яна 360 дан ортиқ хонадонга эга янги уйлар бунёд этилади.
Ватан ҳимоячилари куни олдидан фойдаланишга топширилган 90 хонадонли янги уйда ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари учун барча шароит яратилган. Бундай қулайликлардан ҳарбийларнинг оила аъзолари жуда мамнун.
Ватан ҳимоячисининг уйидан кўнгли тўқ бўлиши керак, дейди янги уйлардан бирининг калитини олган Қ.Холматова. Турмуш ўртоғим ҳарбий хизматчи бўлгани учун буни яхши ҳис қиламан. Янги уйда барча шароит мавжуд, бундан айниқса, фарзандларимиз хурсанд. Байрамни янги уйда нишонлаймиз.
Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Б.Пўлатов, Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари О.Исмоилов сўзга чиқди.
Manba: uza.uz

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!