Ҳар бир «Меҳрибонлик уйи» ва «Болалар шаҳарчаси»га 2 тадан ОТМ ва спорт мактаблари бириктирилади

Ҳар бир «Меҳрибонлик уйи» ва «Болалар шаҳарчаси»га 2 тадан ОТМ ва спорт мактаблари бириктирилади

Бу ҳақда Президент раислигида ўтаётган видеоселекторда маълум қилинди. Йиғилишда қатнашаётган мухбиримизнинг хабар беришича, давлатимиз раҳбари янги тизим бўйича муҳим таклифларни билдирди.

Унга мувофиқ, биринчидан, 16 та Меҳрибонлик уйи ва 4 та Болалар шаҳарчаси Халқ таълими вазирлиги тизимидан чиқарилиб, Миллий гвардияга ўтказилади. Бунинг учун, Миллий гвардияда алоҳида қўмондон ўринбосари лавозими жорий этилиб, бошқарма ташкил этилади.

Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчаларига Миллий гвардиянинг ҳудудий бошқарма бошлиқлари, ҳар бир гуруҳга малакали офицер ва психологлар бириктирилади, логопед ва дефектологлар ишга олинади.

Болаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида улар Миллий гвардиянинг ҳарбий қисмлари, полигонлари, «чавандозлар мактаблари»га олиб чиқилиб, ҳарбий техникадан фойдаланишга, от спортига ўргатиш ташкил этилади.

Икки ой муддатда бириктирилган Миллий гвардия ходимлари болалар билан ишлашга ўқитилади.

Шунингдек, «Меҳрибонлик уйлари»даги болаларга тарбия бериш, уларни фан, IT-технологиялари, хорижий тиллар, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, спортнинг нуфузли турлари билан шуғулланишларини ташкил этиш бўйича мутлақо янги методикалар ишлаб чиқилади.

— Бу тизим орқали, келгусида ушбу ўғил-қизлар орасидан «Темурбеклар мактаблари» ўқувчилари ва Жамоат хавфсизлиги университети тингловчилари, Ватанимизнинг чинакам посбонлари етишиб чиқишига ишончим комил, — деди Президентимиз.

Шунингдек, ҳар бир Меҳрибонлик уйи ва Болалар шаҳарчасига 2 тадан олийгоҳ ва спорт мактаблари бириктирилади. Жумладан, Юнусобод туманидаги 21-сон «Меҳрибонлик уйи»га Ахборот технологиялари университети ва Молия институти, Чилонзордаги 22-сон «Меҳрибонлик уйи»га Жаҳон тиллари университети ва Тошкент педагогика университети бириктирилади.

Бириктирилган ОТМ ректори Меҳрибонлик уйларига тарбиячилар тайёрлаш, кутубхона фондини бойитиш, болаларни ахборот технологиялари, хорижий тиллар, аниқ ва табиий фанларга ўргатиш ва уларни келгусида олийгоҳларга киришига кўмаклашиш муҳитини шакллантиришга, театр ва концертлар ташкил этишга масъул ва жавобгар бўладилар.

Олийгоҳларнинг етакчи профессор-ўқитувчилари ҳафтада камида икки кун ушбу тўгаракларга келиб, болаларни ўқитиб берадилар. Бунинг учун, уларга алоҳида устама тўланади. Шунингдек, ректорлар «Меҳрибонлик уйлари»нинг ҳар бир тарбияланувчисига битирувчи курс аълочи талабаларини бириктириб, уларга мотивация бериб бориш амалиётини йўлга қўяди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!